Албанияда намойишлар сув пуркагич ва кўзни ёшлантирувчи газ ёрдамида тарқатилди
Албания полицияси Тирандаги намойиш акциясини тарқатиш учун сув пуркагич ва кўзёш оқизувчи газдан фойдаланишди. Коронавирус туфайли қўйилган чекловларга қарамасдан, мамлакатда манифестлар кетма-кет тўртинчи кун давом этмоқда.
8 декабрь куни полиция ходими комендантлик соати пайтида кўчага чиқиб, унинг тўхташ ҳақидаги буйруғига бўйсунмаган йигитни отиб ўлдирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими ҳибсга олинган ва ички ишлар вазирлиги раҳбари истеъфога чиқарилганига қарамай, намойишлар тўхтамади.
Якшанба куни кечқурун намойишчилар ҳукуматга қарши шиорлар билан Ички ишлар вазирлиги биноси ва Тиран полиция департаменти томон юришди.
Аввалроқ, ўнлаб ёшлар пойтахт шимолидаги «Социалистик партия»нинг штаб-квартирасига бостириб кириб, ундан олиб чиқилган мебелларни ёқиб юборишди.
Тўрт кунлик намойишлар даврида полиция 80 дан ортиқ одамни ҳибсга олди. Намойишчилар билан тўқнашувда 25 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими жароҳатланди.
Ҳукумат зўравонлик қўзғатишда оппозицияни айблади. Марказий - ўнг (жамиятдаги босқичма-босқич, эволюцион ўзгаришларга асосланган ижтимоий-сиёсий интилиш) демократик партияси бўлаётган намойишларни «Сўнгги етти йил ичида кенг тарқалган коррупция ва ҳукумат такаббурлиги натижаси», деб атади.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.