Алиментчи ота жазога тортилади

Фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судининг суд ҳужжатига асосан қарздор И.М. томонидан ундирувчи Д.Ж.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.

Қарздор И.М. алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли Паст Дарғом туман маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқаро И.М. маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан муттасил бўйин товлаб келган.

Бугунги кунга келиб унинг қарздорлиги 17 миллион 981 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан фуқаро И.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими.