Алиментдан бўйин товлаганлар 15 суткага маъмурий қамоқ билан жазоланади

Унда алимент тўлови ва алимент тўловидан бўйин товлаган шахсларга нисбатан белгиланадиган жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Оила кодексларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан янги тартибда белгиланди. 
Эндиликда ҳам жиноий, ҳам маъмурий жавобгарлик илгаригидек суднинг қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни муддати 3 ой ўтказиб юборилгандан кейин эмас, балки алимент тўлашдан тўлиқ 2 ой бўйин товлагандан бошлаб юзага келади. Алимент тўлаш бўйича қарзларни бартараф этиш ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарликдан озод этилишини тўлиқ ҳажмда кафолатлайди, яъни шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарликдан тўлиқ озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474 ва 475-моддаларига киритилган қўшимчаларга кўра, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги ҳамда ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо чораси белгиланган бўлиб, ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланди. Бу жазони маъмурий ишлар бўйича судьялар тайинлайдилар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахслар, яъни 18 ёшга тўлмаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронларига қамоқ ўрнига ЭКИҲнинг 20 баравари миқдорида жарима тайинланади. Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. 

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддасига ҳам ўзгартиш киритилди. Аввал ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги шартлиги кўрсатилган бўлса, эндиликда ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори энг кам иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаслиги шарт. Оила кодексининг 135-моддаси қўшимча учинчи қисм билан тўлдирилиб, унга кўра, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан, кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкинлиги белгиланди.

Шу ўринда бир масалани айтиб ўтиш жоиз, суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. 

Р.БАГИРОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси

Булунғур тумани бўлими бошлиғи ўринбосари.