Алиментдан қарздор ота фарзанди таъминотини ўйлаб, 19 миллион сўм тўлаб берди
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаро Шуҳрат Зияевдан ундирувчи Мадина Салоҳиддинованинг бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш бориш белгиланган.
Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган. Бир йил мобайнида Ш.Зияев алимент тўловларини тўламасдан келаётган эди.
Бугунги оғир шароитда муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда МИБнинг Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, қарздор Ш.Зияев билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди.
Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзанди таъминотини ўйлаб 19 миллион сўм пулни тўлаб берди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими.