Аллоҳ тақводорларни яхши кўради

Исломда олижаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар: эҳсон, кечиримли бўлиш, сабр-тоқат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир.

Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олижаноб ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок бўлса, ундай кимса ахлоқсизлик йўлига кирмайди.

Аллоҳдан тақво қилиш деганда инсон Аллоҳнинг жазосидан қўрққан нарсасида гуноҳдан сақланиши, эҳтиёт бўлиши тушунилади. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Тақво – Аллоҳдан қўрқиш, Қуръон кўрсатмасида яшаш, озига рози бўлиш ва охиратига тайёргарлик кўриш”, деган экан.

Тақво бу Аллоҳга итоатда бўлиб, осий бўлмаслик, доим унинг зикрида бўлиб, унутмаслик ва Унга шукр қилиб, ношукрлик қилмасликдир. Амалларини ҳар бир вақтда махфий ва очиқчасига бажариш, чақириғига “лаббай” деб жавоб бериш билан тақво қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг”.

Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати, ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил ёки териларининг ранги билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина ҳурматли бўлади. “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар:

– Энг мукаррам инсон ким?

– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар.

Банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳдан қўрқув ҳисси билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақвога тўла. Шунинг учун ҳам бировни камситиш улкан гуноҳ саналади.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “...Одамларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса нима? Бу - Аллоҳдан тақво қилиш ва ҳусни хулқликдир”.

Манба: muslim.uz