Амалдорга ўт қўйган тадбиркор "қасддан одам ўлдиришга уриниш"да айбланмоқда

Яккабоғлик тадбиркор "сносга" тушган мулкини ҳимоя қилиб, уни бузмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб, ëқиб юборган эди. Энди тадбиркорга қарши прокуратура қасддан одам ўлдиришга уриниш айби билан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Бош прокуратура 23 июль куни маҳаллий матбуотга изоҳ берди, деб ёзмоқда Minbar.

Бу моддалар бўйича ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум бўлиш таҳдиди мавжуд.

“2019 йил 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари М.Т. «Ҳисор Сарлочин» МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Б.И. ўзига тегишли савдо дўконининг бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, М.Т.нинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган. Оқибатда М.Т. танасининг 35-40 фоизи куйиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни туман прокуратураси томонидан Б.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда тегишли процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”¸ – дейилади Бош прокуратура расмий баëнотида.

Жамоатчиликни жунбушга келтирган воқеа Қашқадарë вилояти Яккабоғ туманида 20 июль куни юзлаб гувоҳ кўз ўнгида содир бўлган.

Тадбиркорнинг Яккабоғ шаҳридаги кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехи “Обод маҳалла” дастури лойиҳасида бузилишга тушган. Дўконини товон пули бермасдан бузмасликни сўраган тадбиркорнинг гапи инобатга олинмаган.

Айтилишича, ички ишлар тизимининг йигирмага яқин ходими ҳамроҳлигида келган Яккабоғ ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев, булдозерчи буйруғини бажармаганидан сўнг, ўзи булдозерга чиқиб, уни ишлаб турган дўкон устига ҳайдаган. Шунда тадбиркор Туймаевнинг устига бензин сепиб, ëқиб юборган. Ëна бошлаган ҳоким ўринбосарини атрофдагилар ўчирган, у дарров касалхонага олиб кетилган.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, турли хил City қуриш иддаолари билан бутун мамлакат бўйлаб шаҳар ва туман марказларида минглаб аҳолининг уй-жойи ва тадбиркорлик объектлари бузилмоқда. Аксар ҳолларда аҳоли ва тадбиркорларга, қонунда кўзда тутилган нормаларга зид равишда, бузилаëтган мулкига тенг миқдордаги товон пули тўланмаяпти.

22 июль куни Адлия вазирлиги бу бузилишлар даврида аҳолига берилиши шарт бўлган товон пулларини тўлашда улкан қарздорлик мавжудлигини эътироф этди.

Вазирлик баëнотида Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бузилган уйлар ва нотураржойлар учун товон пули тўлаш бўйича 300 млрд. сўмга яқин қарздорлик мавжудлиги айтилган, дейилади хабарда.