Амалий математика соҳасида илмий мактаб яратган олим эди
Юртимиздаги энг нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири - Самарқанд давлат университетида бугунги таълим жараёнининг пойдеворини яратган илмий мактаблар кўп. Университетда қатор йиллардан бери фаолият кўрсатаётган, Ўзбекистон илмининг ютуқларини жаҳонга машҳур қилишда муносиб ҳисса қўшган ва қўшаётган механика, математика, амалий математика илмий мактабларининг ютуқлари “Устоз – шогирд” анъаналарининг давомийлиги, яқин ўтмишда ибрат намунасини намойиш қилган етук олим ва мураббийларнинг юксак салоҳияти, шогирдларнинг меҳнатсеварлиги ва иқтидори натижасидир.
Бу борада университетимизда амалий математика соҳасида илмий мактаб асосчиси, профессор Ҳотам Тўраев фаолиятини ёдга олиш ўринлидир. У киши, олимлик ва одамийлик бобида ўзига хос ибрат мактабини яратиб, ўз даврида яхшиларнинг яхшиси номини қолдирган ва илмий мероси ҳозирги тараққиётга хизмат қилаётган инсон эди. Агар ҳаёт бўлганида бу йил 80 ёшини қаршилаган бўларди.
СамДУ олимларининг амалий масалаларнинг математик моделларини тузиш ва уларни тадқиқ этиш учун дастурий воситаларни яратиш, ҳисоблаш математикаси, тебранишли тизимлар турғунлиги ва чизиқлимас тебранишлар назарияси масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида хизматлари республикамиз ва чет элларда эътироф этилганлиги ҳамда бу соҳада ўзига хос илмий мактаб яратилганлиги илм аҳлига яхши маълум. Ана шу мактабнинг ташкилотчиларидан бири ва йирик намояндаси ҳам профессор Ҳотам Тўраев ҳисобланади.
Сермаҳсул олимдан йирик мерос қолди. Улар бугунги ва эртанги фан ривожи учун хизмат қилмоқда. Олим 130 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан, 2 та монография, 3 та дарслик, 9 та ўқув қўлланма, 3 та услубий кўрсатма, 2 та ихтиро ҳамда 2 та патентнинг муаллифидир.
2000-2012 йилларда Ҳотам Тўраевнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган 12 та ўқув адабиёти нашр этилди. Улардан учтаси Республика Президентининг «Истеъдод» жамғармаси томонидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши ўқув адабиётлари муаллифи» танловида ғолиб бўлган. Мазкур ўқув адабиётларидан ҳозирги даврда ҳам талабалар кенг фойдаланишмоқда.
Улуғ адабиётшунос олим, академик Ботурхон Валихўжаев “Олимлик билан одамийлик фазилатлари ҳамжиҳат бўлган инсон элга танилади, ютуқларга эришади”, деган гапни кўп такрорларди. Дарҳақиқат, бу –ҳақиқат, унга кўп маъно мужассам. Бу таъриф Ҳотам Тўраев фаолиятига жуда мос. Чунки домла ўзининг юксак инсоний фазилатлари, бағрикенглиги, ёш олимларни қўллаб-қувватлашлари, доимо янгиликка интилиши билан ибрат мактаби ярата олганди. Ваҳоланки, устознинг янгиликка доимий интилиши бугунги кун ва эртанги ёрқин келажак учун хизмат қилмоқда.
Ўз даврида Ҳотам Тўраев ташкил этган «Амалий масалаларни математик моделлаштириш ва уларни тадқиқ этиш» мавзусидаги доимий мактаб-семинар нафақат ёшларнинг математика сирларини ўрганишида, балки “устоз – шогирд” анъанасини давом эттириб, амалий математика соҳасидаги илмий мактаб нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Аждодлар ва авлодлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган ва ўтаётган қанчадан қанча ибратли инсонлар бизни доимо тараққиётга ҳисса қўшишга ундайди. Улар қаторида профессор Ҳотам Тўраевдек камтар олимнинг номи борлигидан ва у кишининг ёди билан яшаётганимиздан фахрланамиз. Демак, ҳаёт давом этади: ҳамкасблар, издошлар, фарзандлар, миннатдор шогирдлар устозни доимо хотирлаб, бугунги фаолиятида устозга муносиб бўлишга ҳаракат қиладилар.
Бахтиёр Хўжаёров,
физик-математика фанлари доктори, профессор.
Эркин Ўринбоев,
техника фанлари номзоди, доценти.