Америкада портловчи магма аниқланди

Олимлар Америка Қўшма Штатларининг Йеллоустоун миллий боғида хусусиятларини ўзгартирган магма ўчоғини аниқлашди. Yexpress маълумотларига кўра, ушбу майдон супервулқон (отилиши натижасида сайёра иқлимини ўзгартиришга қодир) сатҳидан тахминан беш километр пастликда жойлашган.

Хусусан, Йеллоустоун вулқони расадхонаси олими Майк Поланднинг изоҳ беришича, анча чуқур ер остида магний эриши аномалияси қайд этилган. У бутун супервулқон тизимини ташкил этувчи кўплаб магма камераларидан иккитасини озиқлантиради.

Шубҳали магма камераларидан бири жуда чуқур - тахминан 24 километрни ташкил этади ва жуда паст даражадаги елим шаклли магма билан тўлдирилган. Ўз навбатида, бу магма ўзидан юқорида бўлган бошқа риолит (кислота таркибли магматик вулқонли тоғ жинси) захирасини озиқлантиради. Шундан магма ёпишқоқ ва портловчи бўлади. Поланднинг таъкидлашича, айнан шу ўчоқ ер юзидан беш километр пастликда бўлиб, Йеллоустоуннинг хавф туғдирувчи баъзи қисмларига тўғри келади.

Йеллоустоун қўриқхонаси - АҚШнинг энг катта миллий боғлардан бири. Унинг майдони 3825 квадрат километрни ташкил этади. Йеллоустоун кальдера (вулқондан пайдо бўладиган, цирк майдони шаклидаги, асосан тик деворли, туби текис ёки нимтекис бўлган ҳафзалар)нинг ўлчами 55 километрдан 72 километргача. Супервулқон дейилишининг сабаби шундаки, агар у қўзғалса, глобал вайронгарчиликлар келтириши мумкин. Супервулқон отилиши ўртача ҳар ярим миллион йилда содир бўлади.

Олимларнинг фикрига кўра, келажакда вулқон отилиши даражаси 10 балл, деб баҳоланмоқда. Портлаганда Йеллоустоун вулқони кулни 58 километр баландликка улоқтиради, отилиш радиуси эса эпицентрдан 800 километрни ташкил этади.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.