Американинг 8 университетида ўзбек тили ўқитилади. Германияда-чи?
- Сиз бир неча хориж олийгоҳларида ўзбек тилидан дарс бергансиз. Бу жараёнлар қандай кечгани ҳақида сўзлаб берсангиз.
- Менга Германияда, Японияда, Кореяда, Туркияда, Америкада ишлаш насиб этди. Туркия билан Японияда тўрт йилдан, саккиз йил фаолият кўрсатдим. Хорижда ўзбек тилини ўргатиш осон эмас. Фақат грамматикани ўргатиш билан иш битмайди. Тилни ўргатиш жараёнида бутун ўзбек маданиятини, тарихини, этнографиясини, урф-одатларини ўргатиш керак. Комплекс ёндашиш талаб этилади. Аввал сўзлашишни, ёзишни ўргатасиз, кейин ўзбек тилининг содда курсида дарслар олиб борасиз. Ҳарфни танитасиз, саломлашиш, гаплашиш… Шу тарзда соҳаларни кенгайтириб бораверасиз. Масалан, таълим, тарих, соғлиқни сақлаш, гигиена, табиат ва ҳоказо. Талабага ўзбек тилида дунёнинг лисоний манзарасини очишингиз керак. У аввал дунёни ўз она тилисининг «деразаси» орқали кўраётган бўлса, энди дунёнинг лисоний манзарасини ўзбек тилининг кўзи билан қарайди. Ҳар бир тил учун дунёнинг лисоний манзараси бор. Ҳар бир миллат дунёга ўзининг менталитети, дунёқараши, мафкураси, табиати ва жўғрофиясидан келиб чиқиб қарайди. Тил жамиятга мана шундай миллионлаб кўзга кўринмас ип билан боғланган. Сиз талабага ана шу ипларни бир-бир ечиб беришингиз керак. Хориждаги кўплаб университетларда ўзбек тили танланма фан. Масалан, Берлин Хумболдт университетида биринчи тил туркча, иккинчи тил ўзбекча. Осака университетида ҳам шундай. Бир курс мажбурий дарс, иккинчи курсдан ихтиёрий, яъни танланма фан сифатида ўқитилади. Дарсни яхши ўта олмасангиз, мультимедиадан фойдаланмасангиз, қизиқиш уйғота олмасангиз ҳаммаси бекор. Етти кишидан кам талаба сизни тингласа, бу дарс қониқарсиз ҳисобланади. Натижада, бир семестрдан кейин паттангизни қўлингизга бериб, қайтариб юборишади. Шунинг учун чет элда ўзбек тилини ўргатадиган ўқитувчидан ниҳоятда кўп нарса талаб қилинали. Хорижда тил ўргатадиган ўқитувчи, ўз она тилидан ташқари, яна бир туркий тилни яхши билиши керак бўлади. Масалан, қозоқ, уйғур ва ҳоказо. Туркча билса, нур устига нур. Буларнинг барчаси ўзбек тилини оммалаштириш учун.
- Чет давлатларда ўзбек тилини ўргатиш тизими қандай? Бу қай тарзда амалга оширилади?
- Ўзбек тили дунёда негадир кам ўрганилган тиллар жумласига киради ва шундай тиллар жумласида ўргатилади. Япониядаги Осака, Токио чет тиллар университети, Кореядаги Конкук, Пусан, Берлиндаги Хумболдт номидаги университетда Осиё-Африка тиллари ичида ўрганилади. Кам ўргатилган, кам тарқалган тил сифатида қаралади. Нега? Неча минг йиллик адабий тил анъанасига, тарихга эга тилга бундай позицияда қараш бироз ғуруримизга тегади, аммо начора. Ўша 130 йил давом этган рус истибдоди даврида ўзбек халқи ташқи дунё билан алоқалари узилиб қолган ва мулоқот фақат рус тилида бўлган. Совет даврида Москва, Петербург институтларидан бошқа ерда ўзбек тили ўқитилмаган.
Бугун Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиб, жаҳон ҳамжамиятига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши ва истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, ўзбек маданияти, тили, тарихини дунёга танитиш бўйича амалга оширилган ишлар ўз мевасини берди. Бугун Япониянинг 8 университетида, Туркиянинг 18 (илгари фақат Истанбул университетида бўлган), Американинг 8, Германиянинг, адашмасам, 4 университетида ўзбек тили ўқитилади. Булар ўзбек тилининг дунё ҳамжамиятида обрўси ошиб, дунё тилшуносларининг ўзбек тилига бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Энг кейинги очилган ўзбек тили ва адабиёти факультети Хитойдаги Миллатлар университетида. Бу ерда Тошкент давлат шарқшунослик институтидан ўқитувчилар бориб дарс беришади. Миллатлар университети ҳар икки йилда бир марта ўзбек гуруҳига эллик нафардан талаба қабул қилади. Буларнинг барчаси ўзбек тилининг дунёга ёйилиб бораётганидан дарак беради.
Эски ўзбек тили ўрта асрларда бутун Шарқнинг умумий адабий тили бўлган. Навоий яратган тил Олтин Ўрда, Волга бўйи, Сибир хонлиги, Қрим хонлиги, умуман Туркиядан Мўғулистонгача бўлган ўрта турк тили ҳисобланган. Олтин Ўрда, Сибир, Қрим хонликларининг ёрлиқларига, архивларига қарасангиз, барчаси эски ўзбек тилида. Бу тил шунақа ёйғин, ҳаммага тушунарли эди. Аммо 130 йиллик асорат бунга шунчалар катта таъсир ўтказдики, энди тилимизнинг қудратини қайтадан тиклаш керак.
- Бунинг учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?
- Бунинг учун, аввало, Ўзбекистонда чет элликлар учун ўзбек тили китобининг мукаммал вариантларини яратишимиз керак. Масалан, Кореяга бориб корейс тилини ўрганаман деган одамга эллик хил, Туркияда турк тилини ўрганиш учун юзлаб китоблар, дисклар бор. Бизда хорижликлар учун яхши китоблар кам. Ўзбекча-инглизча, ўзбекча-французча, ўзбекча-немисча ва ҳоказо луғатларимиз 2000-3000 нусхада чоп этилган. Бу жуда кам. Ўзбек тилини ўргатиш учун шундай ишларни қилмасак, қолган гаплар ҳаммаси шиорлардан иборат бўлиб қолади. Амалий ишларга ўтиш даври келган. Тилимизнинг обрўси учун доим курашамиз. Самарқанд давлат университетида Ўзбекча ўргатиш маркази (ЎЎМАР) ташкил этмоқчимиз. Бу Туркиядаги ТЎМАР (Туркча ўргатиш маркази), Япониядаги Нихонго каби тил ўргатиш маркази бўлади. Хорижда тил ўргатиш марказлари тижорий асосга қўйилган. Бундай марказларда ҳар бир хорижлик, масалан, ойига 100 доллардан тўлаб тил ўрганади. Марказнинг сертификатига эга бўлади ва кейин иш бошлайди. Бизнес қиладими, корхона очадими, талабаларга дарс берадими, аввал давлатнинг расмий тилини ўрганади. Мана, мен 46 ёшимда Японияга бордим ва тўрт ойда 2,5 мингта иероглифни ёдладим. 46 ёшли одамга бу жуда қийин, лекин бошқа йўл йўқ. Бу Туркиями, Америками, барча давлатда шундай. Тилга ҳурмат шу тарзда пайдо бўлади. Шундай стандартларни жорий қилишимиз керак. Чет элликлар учун малакали ўқитувчиларни, китобларни, дарсликларни, луғатларни тайёрлашимиз шарт! Шу орқали ўзбек тилининг обрўсини, нуфузини оширамиз.
- Ўзбек тили нега айнан Америка, Германия, Япония, Корея, Туркия, Хитой каби давлатлардагина ўргатилади? Бундан мақсад нима?
- Ўзбекистон билан қайси мамлакатнинг яқин сиёсий, иқтисодий дипломатик, стратегик муносабатлари бўлса, ўша давлатларда ўрганилади. Ҳар бир ривожланган давлатнинг Ўрта Осиё билан манфаати бор. Ўрта Осиё - жавоҳирлар тўла сандиқ. Бунда Ўзбекистон марказий ўрин эгаллайди. Қолаверса, атрофдаги бешта мамлакатда ҳам ўзбек тили бемалол тушунилади, кенг қўлланади.Демак, давлатлараро манфаатлар уларнинг тилларини ўрганишни ҳам тақозо этади.
- Юртимиздаги ўзбек тилига муносабат ҳақида нималар дея оласиз?
- Бугун очиқча айтиш керак. Ниманики яширсак, у газак олади. Бир ҳақиқат бор. «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганига 29 йил бўлди. Бу давр ичида биз ўз тилимизни тўлақонли давлат тилига айлантира олмадик. Ўзбек тилини хоҳлаган одам ўрганади, хоҳламаган ўрганмайди. Бундай ҳолатда биз тилимиз орбўсини кўтара олмаймиз. Тилимизга бўлган ҳурматимиз ҳаминқадар. Мана, масалан, Кореяга ёки Америкага ишга кетиш учун аввал унинг тилини, тарихини ўрганиб, имтиҳон топшириб, шу тилни билади, деган сертификатни олиб, кейин кетамиз. Аммо нега Ўзбекистонда яшаб, Ўзбекистон фуқароси бўлиб, ўзбек тилини билмаймиз? Бутун дунёда давлатнинг расмий тили ўрганилишга мажбур! Тўғри, Конституциямиз ва «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун фуқароларнинг она тилининг эркин қўлланишини чекламаган. Аммо давлат тилига бўлган ҳурмат бундай эркин ва ихтиёрий бўлмаслиги керак. Биз боқибеғамлик қилдик. Ўзбекистон ҳудуди ўзбек тилининг маконидир. Ҳеч бир ривожланган давлатда бошқа бир тил давлат тили билан баробар қўлланилмайди.
Тилнинг софлигини сақлаш учун ҳам комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши керак. Тилни аввало ўзимиз, ҳар бир ўзбек фуқароси ҳурмат қилиши керак. Яқинда Вазирлар Маҳкамаси «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижросини назорат қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу жуда яхши. Буни Самарқандда ва бошқа шаҳарларда ҳам қўллаш лозим.
- Ёшларнинг сўзлашувда ўзбек тилига русча ёки бошқа тилларни аралаштириб сўзлашига қандай қарайсиз?
- Бу жамиятимиздаги камчиликларнинг, биз катталар йўл қўйган хатоларнинг, тилга беписандлигимизнинг ёшлардаги акси, давоми. Мен уларни айблай олмайман. Бу хатоларни биз қилдик. Нега бирорта япон япон тилини, бирорта турк турк тилини бузиб гапирмайди? Германия, Кореяда ёки бошқа давлатларда ҳам шундай. Чунки улар ўз она тилига топиниш даражасида қарайди. Биз ҳам тилга шундай муносабатда бўлишимиз керак. Бунинг учун мактабларда, олийгоҳларда она тилини ўқитиш ва тарғиб қилиш кучайиши, қатъийлашиши, бир сўз билан айтганда, она тилимиз кучли ҳимоя қилиниши зарур. Оммавий ахборот воситаларида ҳам тил ҳақида чиқишлар фақат “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун арафасида эмас, доимий бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Холиёр САФАРОВ суҳбатлашди.