Амир Темур мақбарасида яна бир хилхона бор

Амир Темур дунё миқёсидаги даҳо шахсдир. Унинг ҳарбий-сиёсий фаолияти, бунёдкорлик, ободончилик ишлари ва фаолиятининг бошқа жиҳатларини, шунингдек, унинг сулоласини ўрганиш, илмий ёритиш кейинги авлодларнинг муқаддас иши бўлиб келган ва шундайлигича қолади. Таъкидлаш лозимки, узоқ тарихимизда ўзидан катта ёдгорлик қолдирган ва кўп йиллар ҳукм сурган сулола – айнан темурийлар сулоласидир.

Амир Темур мақбарасида темурийлар сулоласига мансуб кўп қабрлар бор. Яқинда биз мақбара ҳудудининг ғарбий қисмида жойлашган бир хонани назардан ўтказдик. Аслида бу хона Султон Абу Саъид (1424-1469 й., ҳукмронлик даври 1451-1469 й.) замонида хилхонага айлантирилган эди. Хилхонада 8 та қабр бўлиб, қабртошларда темурийлар сулоласига тегишли маълумотлар бор.

1-қабртош Султон Абу Саид Кўрагоннинг қизи Ойша Султонбегимга тааллуқли бўлиб, унда марҳуманинг вафот этган санаси 877 ҳижрий йилининг зулқаъда ойи (милодий 1473 йил), деб кўрсатилган.

Таъкидлаш лозимки, бу хилхонадаги марҳумларнинг аксарияти ёшлигида оламни тарк этган. Улар давлат арбоби ёки олиму шоир бўлиб танилмаган, шунинг учун тарихий манбаларда улар ҳақида деярли маълумот йўқ. Боз устига, шоҳзодаларнинг исмлари темурийлар сулоласи доирасида жуда кўп такрорланган. Масалан, Амир Темур ўғлининг номи ҳам, Султон Абу Саъид ўғлининг номи ҳам Умаршайх бўлган. Бу эса баъзи чалкашликларга сабаб бўлади.

2-қабртошнинг тўрт томон айланасида Қуръон оятларидан олинган дуолар ёзилган. Тошнинг устига эса Оятулкурсий ва Ёсин сурасининг охирги ояти ёзилган. Тошнинг бош ва оёқ томонларидаги ёзув Қуръон ояти билан бошланиб, марҳумнинг исми – Робия Султон ва вафот этган сана – 858 ҳижрий йил жумодул аввал ойи (милодий 1454 йил) деб кўрсатилган, сўнг марҳуманинг ҳаққига дуолар ёзилган. Робия Султон Султон Аҳмад Мирзонинг энг катта қизидир.

3-қабртош Мирзо Улуғбекнинг 870 ҳижрий (милодий 1466) йилда вафот этган қизи Оқобегимга тегишли эканлиги тошнинг бош ва оёқ томонларида битилган. Қабртошнинг ён томонларида эса 12 имомнинг исмлари ёзилган.

4-қабртошнинг бош ва оёқ ҳамда ён томонларида арабий ва форсий байтлар битилган. Бироқ марҳумнинг исми ва вафот этган санаси кўрсатилмаган, фақат Султон Абу Саиднинг наслидан эканлиги таъкидланган.

5-қабртошда “Маъсум амирзода Шоҳмансур ибни Султон Абу Саъид ҳижрий 865 йил жума куни сафар ойининг 10-кунида вафот этган” деган ёзув бор ( милодий 1461 йил).

6-қабртошдаги ёзувдан маълум бўлишича, бу қабр Султон Абу Саиднинг ўғли амирзода Жаҳонгир Султонники бўлиб, у ҳижрий 862 йил муҳаррам ойида (милодий 1458 й.) вафот этган.

7-қабртошнинг устида Оятулкурсий ва Ёсин сурасининг охирги ояти ёзилган. Айланасида Қуръон оятларидан олинган дуолар битилган. Қабртошнинг бош ва оёқ томонларидаги ёзувнинг умумий таржимаси қуйидагича: Дин ва дунё тизимининг соф қўриқчилари бўлмиш султонлар сулоласининг кўз қорачиғи, ғурур дунёсидан сурур тўшагига кўтарилган Муҳаммад Жаҳонгир, Аллоҳ таоло розилик боғларидан маскан берсин, 860 ҳижрий йилнинг зулҳижжа ойида қабрга қўйилди (1456 милодий йил).

Муҳаммад Жаҳонгир Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султоннинг ўғли, яъни соҳибқироннинг абирасидир.

8-қабртош устида Аллоҳнинг улуғлигига далолат этувчи Қуръони Карим оятларидан олинган дуолар ёзилган. Қабртошнинг бош томонида қуйидаги сўзлар битилган: “Ушбу нурли қабр соҳибаси улуғ мартабали, солиҳа, сожида, Амир Темурнинг ўғли  Мироншоҳ Мирзонинг қизи Зубайда Султон (Аллоҳ мағфират қилсин)”.

Қабртошнинг оёқ томонида эса: “Аллоҳ қабрини нурли қилсин! 856 ҳижрий йил жумодилохир ойининг ўнбешинчи кунида вафот этган”(1453 милодий йил), деб ёзилган. Қабрнинг икки ён томонларида Аллоҳнинг гўзал исмлари баёни, Қуръони Карим оятларидан олинган турли дуолар ёзилган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг авлоди билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар кўлами шу даражада кўп ва улкандирки, уларни ўрганиш, тадқиқ қилиш учун кўпдан кўп тадқиқотчиларнинг азму ғайрати лозим. Шу ўринда бир таклифни ўртгага ташламоқчиман.

Францияда император Наполеоннинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганадиган махсус илмий-тадқиқот институти бор. Амир Темурнинг ҳарбий-сиёсий ва давлат арбоби сифатидаги фаолияти ниҳоятда кенг ва юксакки, Наполеонникидан кам эмас. Шунинг учун, бизда ҳам унинг ва бошқа темурийларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганадиган махсус илмий-тадқиқот институтини ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Менимча, бу замон талабидир.

Хушнуд АБДУЛЛАЕВ,

Амир Темур мақбараси мудири.