Амир Темур мақбарасидаги номаълум қабрлар кимга тегишли?

Амир Темур мақбараси неча юз йилларки, тарихчи олимларнинг эътиборини тортиб келади. Мақбара ҳақида кўплаб олимлар томонидан тадқиқотлар олиб борилган, юзлаб мақола ва китоблар эълон қилинган бўлса-да, ҳали унинг сир-синоати охиригача ўрганилмаган. Жумладан, кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мақбарадаги учта қабртош. Уларнинг биринчиси катта ёшли шахсга, қолган иккитаси ёш болаларга тегишли.

Амир Темур мақбараси ғарбий чортоғида, бошқа қабрлардан алоҳида – мармар панжара ташқарисида катта қабртош бўлиб, унинг остида ҳақиқий ҳилхона бор. Унда ҳам бир қанча диний калималар битилган алоҳида қабртош мавжуд. Ушбу қабрда ким дафн этилгани ҳақида бирорта ишончли манба сақланмаган.

Самарқандлик тарихчи Абу Тоҳирхўжа ўзининг “Самария” асарида ушбу қабрга машҳур шайх Саййид Амир Кулол ўғли Саййид Амир Умар дафн этилганлигини қайд этади, бироқ бирорта манба кўрсатмайди. Бу шахс Темур вафотига қадар бўлган даврда – 3-4 йил олдин вафот этганлиги ва Бухоронинг Когонида Сухор қишлоғига дафн этилганлигини биламиз. Шайхнинг қабри ҳақиқатдан ҳам Бухородан Амир Темур мақбарасига кўчирилганми? Агар кўчирилган бўлса, буни ким ва қандай зарурат юзасидан кўчирган? Чунки ушбу қабр мақбарадаги бошқа қабрлардан кейинроқ, ғарбий чотоқдан алоҳида жой қилиб дафн этилганлиги кўриниб турибди.

Ушбу шайх ҳақида қуйидаги ривоят сақланган: Амир Темур ўз севимли набираси Муҳаммад Султонга бағишлаб мақбара қуришни ихтиёр этган майдонда Саййид Амир Умарнинг қабри бўлган экан. Мақбара қурувчилари бўлғуси иморат остини тозалашга киришганларида шайх Амир Темур тушига кириб, “суягимни безовта қилма” деб уқтиради. Амир Темур ушбу тушга парво қилмайди ва қурилишни давом эттиради. Шунда шайх иккинчи марта Соҳибқироннинг тушида намоён бўлади ва унга бу сафар ўз қабрини безовта қилмасликни қатъий талаб қилади.

Амир Темур бу сафар ҳам тушига парво қилмайди ва қурилишни тўхтатмайди. Учинчи марта шайх Амир Темурнинг тушига кириб «Агар қурилишни тўхтатмасанг, у тугаши билан ўлим топасан» дейди.

Бироқ Темур бундан қўрқмайди ва иморатни битиришга шошади. Лекин тез орада Хитой урушига отланади. Шунда шайхнинг тушига кириб айтган гаплари эсига тушади ва унинг мозорини ҳали қуриб битказилмаган мақбара ичига кўчиришга буйруқ беради. Лекин бу Амир Темурга ёрдам бермайди. Хитой юриши пайтида ўз қўшинлари билан Ўтрор шаҳрига етиб келган Амир Темур тўсатдан вафот этади.

Мақбарада кўринишидан ёш болаларга тегишли иккита кичкина қабрларни бир гуруҳ олимлар Мирзо Улуғбекнинг гўдаклигида вафот этган фарзандлари - Мирзо Абдулла ва Мирзо Абдураҳмонга тегишли десалар, бошқа бир гуруҳи ушбу қабрлар Мир Саййид Бараканинг набираларига тегишли деган фикрни билдиради.

Самарқанд ёдгорликлари билимдони В.Л.Вяткиннинг тадқиқотларига кўра, қабртошлардаги ёзувлар буни тасдиқламайди. Чунки қабртошларнинг бирида “Саййид Хўжа” исми битилган бўлса, бошқасида “Абу Саййид Кўрагон ўғли” ёзувлари битилган. Бундан келиб чиқиб, В.Л.Вяткин қабртошлар мақбарага тасодифан келиб қолган бўлиши мумкинлигини истисно этмайди.

Маҳмудхон ЮНУСОВ, Тарихчи.