Амир Темур таваллудига бағишлаб альбом-каталог нашр этилди
Самарқанд давлат музей қўриқхонасининг Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Амир Темур мақбарасининг ўрганилиши тарихи” номли доимий экспозицияси мавжуд. Соҳибқироннинг 686 йиллигига бағишлиб мазкур экспозициянинг альбом каталоги ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилди.
Ушбу экспозицияда асосий урғу Амир Темурнинг арча дарахтида ишлатилган, 1941 йилгача Амир Темурнинг майити дафн этилган ва Амир Темур мақбараси ҳилхонасидаги қабрда турган тобутига қаратилган. Мазкур тобут 1941 йилда Амир Темур мақбарасида олиб борилган хилхонани очиш ишларида чиқариб олинган ва қайта дафн этишда яроқсиз бўлганлиги учун жойига қўйилмаган. Тобут ўтган асрнинг 70-йилларида ЎзФА Археология институти олими, профессор А.Абдураззоқов раҳбарлигида реставрация қилинган ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига топширилган.
Маълумки, ЎзССР Халқ Комиссарлари Совети ва ЎзКП Марказий Комитети рухсати билан 1941 йилнинг 16-24 июнь кунлари Амир Темур мақбарасидаги қабрлар бирин-кетин очилади. Дастлаб, 16 июн куни Мироншоҳнинг қабри, 17 июн куни Мирзо Шоҳрухнинг қабри, 18 июн куни Мирзо Улуғбек қабри, 19 июн куни Амир Темурнинг,
21 июн куни Бибихоним хилхонасидаги қабрлар (Бибихоним мақбараси мавзусига қаранг) ва 22 июн куни Муҳаммад Султон қабри очилади. Амир Темур мақбараси очилиши далолатномалари нусхалари каталогдан жой олган бўлиб, ЎзФА археология институти илмий архивидаги аслидан нусха олинган.
1941 йилнинг 24 июнида Амир Темур мақбарасидаги қазишмалар якунланиб, қабрлардан чиқариб олинган Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг суяклари махсус қутиларга жойланиб, поезд билан Тошкентга олиб кетилади. Мақбаранинг эшиклари муҳрланиб ёпиб қўйилади. Антрополог М.Герасимов ўзи яратган усул билан Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Мирзо Улугбек ва Муҳаммад Султонларнинг ҳужжатли портретларини яратди. М.Герасимов томонидан тикланган Амир Темур, Шохрух Мирзоларнинг қиёфалари бюстлари, Мирзо Улуғбекнинг бюсти сурати ҳам намойишга қўйилган.
Ўша даврда М.Герасимов яратган бу портретлар кўпчилик олимлар иштирокида муҳокама қилиниб, қабул қилинган эди. Аммо орадан ярим аср вақт ўтгач, антрополог М.Герасимовнинг, бош чаноқлари асосида одамларнинг портретларини яратиш методикасида кўпгина хатоликлар борлиги аниқланди.
1942 йилнинг охирларига келиб Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, қайтадан ўз жойларига дафн этилди. Лекин тобут билан бирга қабрлардан олинган кўпгина нарсалар, газламалар, Мирзо Улуғбекнинг либослари, марҳумларнинг мўмиёланган тана аъзолари, кафанлар, соч-соқоллари қайта ўз жойига қўйилмади. Ҳозирда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида тобут билан бирга тобутнинг қопқоғи ва тобут устига ёпилган газлама бўлаги ҳам сақланади.
Шунингдек, альбом каталогдан 1905 йилда нашр этилган “Самарқанд масжидлари” китобининг Амир Темур мақбарасига бағишланган нашри каби тарихий-меъморий қимматга эга бир неча ашёлар жой олган.
Маҳмудхон Юнусов,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори ўринбосари.