Анжикуни - эскимосларнинг сирли тарзда ғойиб бўлган қишлоғи
XX асрнинг 30-йилларида Канаданинг чекка ҳудудида жойлашган Анжикуни кўли яқинидаги қишлоқда содир бўлган воқеа ҳалигача фан олами учун жумбоқ бўлиб келмоқда. Кўлда балиқ овлаб кун кечирган эскимослар қабиласининг бир кечада сирли ғойиб бўлиши ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқарли.
Канадалик овчи Жо Либелл эскимослар қишлоғига келиб, кулбаларда ҳам, кўчаларда ҳам ҳеч ким йўқлигига ҳайрон қолади. Аxир бир неча ҳафта олдин бу ерда ҳаёт қайнаган, сершовқин қишлоқча эди-ку?! Наҳотки, ҳамма биратула кўчиб кетган бўлса? Эндиликда бу ер худди қабристондек ҳувиллаб қолган. Меҳмон овчи қишлоқда бирорта ҳам одамни учрата олмади. Табиийки, у гап нимада эканлигини аниқламоқчи бўлган. Бироқ унинг уринишлари беҳуда кетди, у бирор нарсани аниқлай олмади. Ҳар бир кулбага кириб, ҳар бир бурчакни синчлаб текширди. Уйларда одамларнинг барча нарсалари - рўзғор буюмларидан тортиб, қуролларигача ҳаммаси бутунлигича турар, қайиқлари ҳам қирғоқ бўйида қозиқларга боғланган ҳолда эди.
Овчи, шунингдек, кулбаларда маҳаллий аҳолининг миллий таоми бўлган, пиширилган, димланган балиқ ва гўштлари солинган кўзаларни ҳам, захирага олиб қўйилган балиқлар турганлигининг ҳам гувоҳи бўлди. Гуё ҳамма нарса жой-жойида эди, фақат эскимослардан бошқа. 1200 нафардан иборат қабила ўз-ўзидан ғойиб бўлганди. Бирор-бир уруш ёки жангнинг белгилари кўринмасди. Аммо энг даҳшатлиси, қишлоқ ёнидаги қабристондаги барча қабрлар очилган бўлиб, уларда бирорта ҳам мурда йўқ эди. Буларни кўриб Либелл қўрқа бошлади. Жиддий нарса бўлганини тушуниб етган овчи дарҳол телеграф орқали Канада қироллигининг тоғ полициясига хабарнома жўнатди.
Бу xабарни олган полиция маҳкамаси дарҳол қишлоққа бутун бошли қуролланган овчилар ва полициячилардан иборат экспедицияни жўнатди. Маҳаллий аҳолининг қидириш ишлари бутун кўл атрофи бўйлаб олиб борилди. Полициячилар воқеа ёнига етиб келганларида яна бир нечта ғайритабиий жумбоқларга дуч келишди.
Биринчидан, эскимослар ўзларининг асосий транспорт воситаси бўлган итларсиз ҳеч қаерга кетишмасди. Аммо итларнинг музлаган жасади қор тагидан чиқди. Канадалик овчи уларни ҳам йўқолган ёки маҳаллий аҳоли билан бирга жўнаб кетган бўлса керак, деб ўйлаб юрган эди. Бу итлар очликдан ўлишганди. Бундан ташқари, қабила аждодларининг ҳам қабрлари ковланган бўлиб, жасадлар ғойиб бўлган. Бу сирли ҳодисалар маҳаллий ҳукуматнинг бошини берк кўчага олиб кирди. Шунингдек, агар улар ўз xоҳишлари билан қишлоқни тарк этганларида итларни боғлиқ ҳолда ташлаб кетмас эди. Итлар ўз емишларини топиб ейишлари учун уларни албатта, бўш қўйиб юборган бўларди.
Лекин ҳаммасидан ҳам иккинчи жумбоқ жуда ҳайратланарли. Эскимосларнинг ҳеч қачон аждодлари қабрларини оёқости қилиши, руҳларини безовта қилиши мумкин эмасди. Ундан ташқари, ўша вақтда ер қаттиқ музлаган бўлиб, қабрларни маxсус теxникаларсиз кавлашнинг иложи йўқ эди. Қидирувда иштирок этган полициячилардан бирининг сўзларига қараганда, қишлоқда ғайритабиий воқеалар содир бўлган. Аджикуни кўлининг жўмбоғини ҳозирги кунга қадар Канада ҳукумати еча олмади. Ушбу қабиланинг авлодлари ҳам топилмади. Ҳамма нарса худди бу қишлоқ ва унинг аҳолиси умуман мавжуд бўлмагандек. Бутун бошли қишлоқнинг бундай сирли равишда ғойиб бўлиши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Борди-ю қабилага кимдир ҳужум қилган тақдирда ҳам полициячилар уларнинг қолдиқларини ва олишув изларини топган бўларди.
Қизиғи, тарих зарварақларида овчи Арно Лоран ва унинг ўғли Анжикуни кўли устида номаълум учар объектни кўргани ҳақида ҳам битик қолдиришган. Балки, бу воқеа улар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо энг қизиғи энди эскимосларнинг тақдири нима бўлганини ҳеч ким билмайди.
Бугунги кунда машъум кўл ёнида замонавий Бейкер-Лейк шаҳри жойлашган бўлиб, унда 1,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 1930 йилларда кичик-кичик қишлоқлар бўлганини тасаввур қилиш қийин. Анжикуни кўли ёнида содир бўлган сирли ҳодиса ҳақида ўнлаб ҳикоялар, ҳатто романлар ҳам ёзилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.