АОКА: Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш кузатилмоқда
Сўз ва ОАВ эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатда ахборот соҳасини демократлаштириш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, ахборот олишни кенгайтириш борасида фаол саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари аҳолига жамоатчилик учун зарур бўлган ахборотни фаол ва муваффақиятли етказиб бермоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни ҳар томонлама ёритиб бормоқда ва бунда фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга яқиндан эътибор қаратмоқда.
Шунга кўра, АОКА ўз ваколатлари доирасида бугунги кунда "тўртинчи ҳокимият" ролини ҳақли равишда бажаришга киришаётган оммавий ахборот воситалари манфаатларини доимо қўллаб-қувватлаган ва қувватлашда давом этади.
Бироқ кейинги пайтларда айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш кузатилмоқда, ёлғон маълумотларни тарқатиш фактлари мавжуд.
Ушбу масала юзасидан Агентлик томонидан 2020 йил 10 октябрь, 19 октябрь ҳамда 11 ноябрь кунлари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Давлат тили ҳақида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг тегишли моддалари талабларига мос келмайдиган фактларни кўрсатган ҳолда алоҳида баёнотлар берилган эди.
АОКА томонидан ижтимоий тармоқларда ёритилаётган материаллар борасида баёнот тақдим этиш учун етарли асос ва фактлар мавжуд бўлиб, айрим ОАВда динлараро низо келтириб чиқариш (Effect.uz, Hordiq.uz), порнография ва зўравонликни тарғиб қилиш (Nova24.uz) каби тақиқланган контентни тарқатиш ҳолатлари аниқланган эди.
Шунингдек, Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шу боис аниқланган қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан огоҳлантириш, кўрсатма ва тақдимномалар бериш ваколатига эга.
Хусусан, 20-23 ноябрь кунлари оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Gazeta.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларига амалдаги қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳолатлари бўйича огоҳлантириш хатлари юборилгани шулар жумласидандир.
Масалан, “Kun.uz” сайтида ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилган.
Шунингдек, 17 ноябрь куни “Gazeta.uz”, “Daryo.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларида жойлаштирилган материалларда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган ва ушбу масала юзасидан расмий изоҳлар тақдим этилмаган.
Агентлик журналистиканинг асосий мақсади — жамиятга ҳар томонлама текширилган, барча нуқтаи назарлар мужассамлашган, холис ахборотни масъулият билан етказишдан иборат эканига ишонади.
Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган, аҳолини қийнаётган муаммоларга тегишли давлат органларининг раҳбар ва масъул ходимларидан муносабат олиш, мавжуд камчиликларга уларнинг эътиборини қаратиш мақсадида жорий йилнинг март ойидан буён Агентликнинг ўзида 700 дан ортиқ матбуот анжумани ва брифинглар ташкил қилинди. Ушбу тадбирлар доирасида тегишли давлат органлари раҳбарлари ва масъул шахслари аҳоли учун долзарб ва аҳамиятли масалаларга бевосита жавоб қайтаришди ва ОАВ кўтарган муаммоларга тезкор муносабат билдиришди.
Бу каби тадбирлар бундан кейин ҳам давом эттирилади. Хусусан, Агентлик томонидан АОКА пресс-холи ҳамда Ўзбекистон миллий матбуот марказида ўтказиладиган тадбирлар режаси тасдиқланди. Медиа-режада 100 дан ортиқ матбуот анжумани ва 80 дан зиёд пресс-турлар ўрин олган.
Шунингдек, очиқликни таъминлаш, журналистлар ва фуқароларнинг ахборот олишга доир конституциявий ҳуқуқларини тўлақонли қондириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳокимлар, давлат органларининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари иштирокида жойларда матбуот анжумани, очиқ мулоқот ҳамда медиа-турлар ўтказишга доир режалар ишлаб чиқилиб, Агентликнинг расмий веб-ресурсларига жойлаштирилди.
Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ҳар бир ҳудудда 120-150 тагача турли кўринишдаги матбуот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси оммавий ахборот воситаларининг зарур ахборотни биринчи манбадан монеликсиз олишига имкон беради.
Таъкидлаш лозимки, декабрь ойида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини аниқлаш мезонлари тасдиқланиши режалаштирилмоқда. 2021 йилдан бошлаб ҳар чоракда ушбу мезонлар бўйича тузилган рейтинг эълон қилиб борилади. Рейтинг натижалари Парламентнинг тегишли йиғилишида муҳокама қилинади.
Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида “Диалог майдончаси” фаолияти йўлга қўйилаётгани яна бир муҳим қадамлардан биридир. Бу лойиҳа оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар ва кўмак беришга йўналтирилган.
Агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.