Тўққиз ой давомида ОАВ 90 та огоҳлантириш олди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида оммавий ахборот воситаларига берилган огоҳлантириш юзасидан расмий маълумотни тақдим этди.
"Ҳар қандай жамиятда очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш жараёнида муаммолар бўлиши табиий. Жаҳон амалиётида бирор бир ахборот воситаси қонунбузарлик содир этса, унинг фаолиятини судга ошириш, турли жарималар ва ҳаттоки фаолиятини тўхтатиб туришгача бўлган чоралар қўлланиши кузатилади. Бугунги шароитда АОКА эндигина оёққа тураётган мустақил ОАВни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида улар йўл қўйган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий огоҳлантириш билан чекланмоқда ва ўз ваколатидаги бошқа чораларни ҳозирча қўлламай келмоқда", дейилган баёнотда.
АОКА расмий мақомга эга 1 минг 777 та ахборот субъектига нисбатан қонун барчага баробарлиги тамойили асосида ёндашаётганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2019 йилда жами 150 та – шундан телерадио каналларга 75 та, даврий босма нашрларга 65 та, интернет сайтларга 10 та тақдимнома ва огоҳлантириш юборилган.
2020 йилнинг ўтган 9 ойида жами 90 та – шундан телевидение ва радиога 39 та (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телеканаллар фаолиятига оид 20 га яқин, “Zo‘rTV” телеканалига 7 та, “Севимли” телеканалига 5 та ва бошқаларга), даврий босма нашрларга 29 та (“Ишонч” газетасига 1 та, “Суғдиёна” газетасига 1 та, “Бекажон плюс” газетасига 1 та, “Театр” журналига 1 та ва бошқаларга), Интернет нашрларига 22 та (“Effect.uz” сайтига 3 та, “Nova24.uz”, “Qalampir” ва “Repost.uz” сайтларига 2 тадан ҳамда бошқаларга) тақдимномалар киритилган.
Пандемия шароитида бизнес-субъектларини текшириб жазога тортиш бўйича жорий этилган мораторийни, шу жумладан, ахборот олишда ва уни текширишда юзага келган айрим қийинчиликларни инобатга олган ҳолда, Агентлик айрим ОАВда турли фейк ва текширилмаган ёки қонунга хилоф маълумотлар эълон қилингани ҳолда, уларга асосан оғзаки огоҳлантириш бериш билан чекланди.
Агентлик шу кунгача огоҳлантириш хатлари юборилиши натижасида бирорта ахборот субъекти маъмурий, молиявий ёки жиноий жазога тортилмаганини билдирган. Бироқ ушбу вақтинчалик ёндашув қонунбузарларга умуман чора кўрилмаслигини англатмайди. АОКА ахборот субъектларининг бундан хулоса чиқармаслиги ва ўз фаолиятида тегишли талабларга қатъий риоя этмаслиги эндиликда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.