Эркинжон Турдимов матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклади

Қадрли журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Вилоятимиздаги барча ижодкор журналистлар, блогерлар ва ахборот хизматлари ходимларини, матбаачилар ва ноширлар, қадрли фахрийларимизни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклайман.

Бугун мамлакатимиз, жамиятимиз ҳаётида оммавий ахборот воситалари қандай ўринга эгалиги ҳақида ортиқча таърифлар беришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Сабаби ҳаммамиз кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз – айни чоғда ҳаётимизни оммавий ахборот воситаларисиз, бу – газета-журнал, телевидение-радио, интернет-сайт ва ижтимоий тармоқлар бўладими, уларсиз тасаввур қилолмаймиз.

Ҳар биримиз кунни ана шу воситалардаги хабар ва янгиликларни ўқиш билан бошлаб, шу билан якунлаймиз. Бир зум ахборот ололмай қолсак, гўёки дунёдан узилиб қолгандек бўламиз. Аслида ҳам бугунги шиддаткор давр, замон тараққиёти оммавий ахборот воситаларига ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида қарашни тақозо этмоқда. Ва амалда ҳам шундай бўляпти, десам хато қилмаган бўламан.

Айни пайтда вилоятимизда Самарқандда вилоят ҳокимлиги муассислигида 3 та, шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигида 16 та газеталар, шунингдек, 17 та хусусий нашрлар ва 5 та олий таълим муассасалари муассислигидаги соҳавий журналлар чоп этилмоқда. Бу таҳририятларда 250 га яқин ходим фаолият олиб бормоқда.

Вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Овози Самарқанд” газетасига 183 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Нексия-3” русумли янги хизмат машинаси, оргтехника воситалари жамланмаси, фото ва видеокамера, мебеллар олиб берилди.

Худди шундай шаҳар ва туманлар ҳокимликлари муассислигидаги газеталарининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш мақсадида 2019-2020 йиллар давомида тўққиз таҳририятнинг биноси таъмирдан чиқарилди. Замонавий оргтехника воситалари, компьютер жамланмалар, рақамли фотоаппарат ва эҳтиёжга қараб мебеллар олиб берилди.

Жумладан, Пахтачи туманидаги “Пахтачи” газетаси учун 1 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ эвазига янги бино қуриб, битказилди ва шу кунларда фойдаланишга топширилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида “Пахтачи” газетасининг расмий веб-сайти очилди. Бугунги кунда вилоятдаги барча газеталар ўз расмий веб-сайтига, ижтимоий тармоқларда саҳифаларига эга бўлди.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлашни истардим. Сабаби бугунги пандемия шароитида барчамиз кўрдик – оммавий ахборот воситалари ходимлари веб сайт, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали халқимизга тезкор хабар ва янгиликларни етказишга ҳаракат қилди.

Бу борада телерадио ва газеталар таҳририятлари билан бирга интернет нашрлар ходимлари, мустақил журналист ва блогерларимиз фаол ишлаганликларини қайд этиш лозим. Уларнинг жонкуярлиги, ҳақиқат ва адолат учун ўз ҳаловатидан кечиб бўлса-да ҳаракат қилаётгани сабабли кўплаб муаммо ва камчиликларга ечим топилмоқда. Муаммоли масалаларимиз ҳал этиляпти.

Бундан буён ҳам ҳурматли журналист ва блогерларимиздан ана шундай фаоллик, фидойилик, юрт, халқ манфаати учун жонкуярлик кутамиз.

Бугунги байрам санасида заҳматли касб эгалари бўлган матбаачи ва ноширларимиз меҳнатини ҳам эътироф этишимиз жоиз. Ҳозирда вилоятимизда 80 дан кўпроқ матбаа корхонаси ҳамда “Имом Бухорий халқаро маркази” нашриёти фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу корхоналарда 230 дан ортиқ ходим меҳнат қиляпти.

Азиз дўстлар!

Шу пайтгача, бугун ҳам оммавий ахборот воситалари учун кадрлар тайёрлаш энг муҳим муаммоларимиздан бири ҳисобланар эди. Мана бу йил Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институтда журналист ва ноширлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишларининг ташкил этилиши ушбу муаммоларга ечим бўлади, албатта.

Ҳурматли ижодкорлар!

Бундан бир йил аввал Президентимизнинг қарорлари қабул қилиниб, давлат ҳокимияти органларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича муҳим топшириқлар берилган эди. Ўтган вақт мобайнида вилоятимиздаги ҳокимлик ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотларида 67 та ахборот хизмати ташкил этилди. Жумладан, барча, яъни 16 туман ва шаҳар ҳокимликларида ахборот хизматлари иш бошлади, раҳбарлар танланди, уларга маслаҳатчи мақоми берилиб, ҳоким ўринбосарига тенглаштирилди.

Айни пайтда туман ва шаҳар ҳокимликларининг веб-сайтлари тўлиқ ишламоқда. Веб-сайтларга маълумотлар жойлаштириб боришнинг ҳолатини таҳлилий ўрганиш бўйича ҳафталик мониторинг ўтказилмоқда, сайтларнинг ойлик баҳолаш рейтинги чиқарилмоқда.

Ахборот хизмати ходимларининг малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида мунтазам равишда ўқув ва амалий семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. 51 нафар (жумладан, 16 нафар ҳокимликлар, 35 нафар ташкилот ва корхоналар) матбуот котиблари давлат аттестациясидан ўтказилди. Вилоятда 24 нафар фаол блогер, мессенжер ва ижтимоий тармоқларда саҳифа юритувчи фуқаролар билан яқин муносабат ўрнатилган.

Блогерларни ҳар томондан қўллаб-қувватлаш, улар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, ҳокимлик, ҳудудий бошқарма ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда турли мавзуларда танловлар ўтказилди.

Сизларни яна бир бор бугунги байрам билан табриклаб, барчангизга ижодий баркамоллик, мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик тилайман! Касбингиздан, фидойи меҳнатингиздан барака топинг!