Ҳақиқий журналист – ўз замонининг олдинги сафида дадил одимлаётган тадқиқотчиси

Сатрларга сингди неча қайноқ умрлар,

Истаганда сукунатда суҳбат қурамиз.

Савол-жавоб қизиганда очилган сирлар,

Кўролмасдан, бош эгароқ, ғамгин турамиз…

Йилда бир марта журналистлар куни арафасида қалам аҳли ҳақида нимадир ёзиш ниятида бош қотирар эканман, кўнглимдан беихтиёр шеърий сатрларга айланган юқоридаги фикрлар кечди. Сатрлар мени турмушнинг турли кўчаларига олиб кирди. Газета учун «биринчи мақолани қачон, нима сабабдан ёзганимни, «Зарафшон» («Ленин йўли») таҳририяти бўсағасидан қачон илк бор ҳатлаб ўтганимни, кейинчалик унинг «қозон»ига қандай тушиб қолганимни, ундаги ижодий фаолиятимнинг ғоят жонли, қайноқ, қувончли, ғоят ғамгин онларини, устозларимни, шогирдларимни, дўстларимни, газета жамоасининг ҳар бир аъзосини хотирладим. Кимларнидир кўриб, ҳол-аҳволини сўрагим, кимларнидир қаттиқ қучгим, кимларгадир бош эггим келди.

Сатрлар, сатрлар… Журналист шуури, дунёқараши, воқеа-ҳодисаларга фаол муносабати туфайли ҳар куни ўнлаб, юзлаб, минглаб сатрлар яратади, оддий қоғозга жон бағишлайди, уни жамиятга, халққа, келажакка керакли муҳим нарсага айлантиради. Қоғоз ўз навбатида журналистдан миннатдор бўлиб, унинг сатрларга сингган қайноқ умрини газета, журнал саҳифалари, тахламларида кўп йиллар, асрлар давомида эҳтиёткорлик билан сақлайди.

«Ленин йўли», «Зарафшон» тахламларини олиб, варақланг. Унда газетанинг асосчиларини, ўлмас сатрлар ёзиб қолдирган ижодкорларни, журналист сифатида танилгач истеъдодли шоирлар, ёзувчилар сафидан ўрин олган кишиларни биламиз. Танлаган касбини ҳар нарсадан устун қўйган, кунларинигина эмас, тунларини ҳам газетага боғлаган, таҳририятни ўз уйи, оиласидан ҳам яқин кўрган забардаст журналистлар Манноб Нажмиддиновни, Аҳмаджон Мухторовни, «Журналист деб атанг, мени, дўстларим!» дея хитоб қилган Суръат Ориповни, яна кўпдан-кўп қалби қайноқ, қалами ўткир инсонларни кўрасиз.

Ҳақиқий журналист – ўз замонининг олдинги сафида дадил одимлаётган тадқиқотчиси. Бу даражага эришиш учун у аввало, кўп ўқиб, кўп ўрганиб, энциклопедик билимга эга бўлиши, кейин ҳаёт мактабида таълим олиши ва ниҳоят, турмуш теранликларига шўнғиши, ундаги паст-баландликлар, қонун-қоидалар, муаммолар билан атрофлича танишиши лозим. Бундай мураккаб йўлни босиб ўтган, юксак талаблар қаршисида довдираб қолмасдан, ўз вазифасини доимо аъло даражада бажаришга интилган, айни вақтда истеъдодли ёшларга ёрдам қўлини узатиб турган журналистлар камдан-кам учрайди. Юқорида мен номини тилга олиб ўтган Манноб Нажмиддинов шундай инсонлардан бири эди. Менинг «Зарафшон» мактабига талаба-ходим сифатида қабул қилинишимга ҳам Манноб ака сабабчи бўлди. У пайтларда Самарқанддаги «Ҳужум» пиллачилик фабрикасида ишлаб, СамДУ ўзбек ва тожик филологияси факультетининг кечки бўлимида ўқир эдим. Ўша пайтда газетага корхона, ишчилар ҳаёти билан боғлиқ мақолалар ёзиб турардим.

Кунларнинг бирида таҳририятнинг яқинда ишга келган ёш ходимларидан бири Жаҳонгир Қўчқоров «Қачонгача ишчи бўлиб юрамиз. Бир сизбоп иш бор. Уни менга таклиф қилишган эди. Кўриб турибсиз, мен газетада ишлайдиган бўлдим. Ўрнимга сизни таклиф қилсам, борасизми?» деб қолди. Гап «Ўзбекбирлашув»нинг Самарқанддаги сиртқи кооператив техникуми таҳририят-нашриёт бўлими ҳақида кетмоқда эди. Мен ўша ерга ишга борадиган бўлдим. Муҳаррир вазифасида беш йилга яқин ишладим. Техникум тугатиладиган бўлди. Тўрт-беш ой давомида «Ўқитувчи» нашриётининг таклифи билан бир мураккаб дарсликни русчадан ўзбекчага таржима қилдим. Кейин иш қидириб, «Зарафшон» таҳририятига бордим. Муҳаррир ўринбосари бўш жой бўлмаганини айтди. Суриштириб, Самарқанд туманининг «Шарқ тонги» газетаси таҳририятига ходим кераклигини билдим ва у ерга бориб ишлашга қарор қилдим. «Ишни бошлашдан олдин Манноб аканинг олдидан ўтайин», деб «Зарафшон» таҳририятига кирдим. Ўшанда Манноб ака саноат ва транспорт бўлими мудири эди. Мени ҳамишагидек яхши қарши олди. «Бир нарса келтирдингизми?» деб сўради. Афсуски, бўш қўл билан келдим. «Шарқ тонги»га боряпман. Эртага ишга киришмоқчиман» дедим. «Нега энди «Шарқ тонги»га борар экансиз. Шу ерда ишлайсиз!» деди қатъиятлик билан. «Бу ерда бўш жой йўқ, дейишди» дедим. «Бўш жой топилади. Редактор билан ўзим гаплашаман» деди…

Хуллас, насибам, «Зарафшон» экан. Манноб ака Нажмиддиновдек қаттиққўл журналистга шогирд тушдим. Дастлаб кўп қийналдим. Йиғлаган пайтларим ҳам бўлди. Осонроқ ишга – радиога ўтиб кетишимга сал қолди. Энди муҳаррир бўлган Аҳмаджон ака Мухторов йўл бермади. «Кетмайсиз! Шу ерда ўсишингиз керак» деди. Эътироз билдиролмадим. Кейин ишим изга тушди, оғир вазифаларни ҳам осонгина бажара бошладим. Аҳмаджон аканинг айтгани бўлди. Ўттиз йил давомида адабий ходимдан муҳаррир ўринбосари даражасигача кўтарилдим. Маълум вақт муҳаррир вазифасини ҳам бажардим. Адабий ходим, бўлимларнинг мудири бўлиб ишлаганда вилоятидаги ўнлаб саноат корхоналари, қурилиш, алоқа, хизмат ташкилотларига такрор-такрор бориб, раҳбарлар, турли касбдаги юзлаб одамлар билан кўришдим, газета учун журналистиканинг турли жанрларида материаллар (оддий хабардан фельетонгача) тайёрлаб бердим. Кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозондим. Ижодий фаолиятим учун «Ҳурмат нишони» ордени, медаллар, бир қанча фахрий ёрлиқ, шу жумладан, ЎзССР Олий Совети президиумининг фахрий ёрлиғи, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг мукофоти билан тақдирландим. Энг муҳими, газета иши мен учун қайноқ ҳаёт мактаби бўлди ва адабий, бадиий ижод майдони сари дадил одим ташлашга имкон яратди.

Ҳозирги пайтда хорижда – Қрим шаҳрида истиқомат қиламан. Аммо қалбим мудом Самарқанд билан. Қолаверса, йигирмадан ортиқ назмий ва насрий китобнинг, шу жумладан, уч роман, уч қисса, саккиз достон, ўн драматик асарнинг муаллифи бўлсам-да мен ўзимни журналист, деб ҳисоблайман. Чунки журналист сифатида кўрсатган фаолиятим бадиий асарларимнинг пойдеворини ҳосил қилди. Ғоят ўткир кўзли, ўткир сўзли, теран мулоҳазали кишигина ҳақиқий журналист бўлиши мумкин. Яна шуни қайд қилишим керакки, журналист фақат қалбига қулоқ солиб ишлаши, ҳақиқатни ёзиши лозим. Ҳақиқатнигина ёзганни кўпчилик «кучли журналист» дейди. Ҳаётимнинг ўттиз йили ҳаётбахшда, ё номи билан аталган «Зарафшон»га сингди, «Зарафшон» эса менинг қалбимдан ўрин олди. Ушбу нашрнинг барча ходимларини журналистлар куни билан чин қалбдан табриклаб, ижодий жўшқинлик, парвозлар тилайман ва «Доимо кучли журналист бўлишга интилинглар!», мен эса ҳамиша сиз билан биргаман, сизнинг сафингиздаман!».

Исо АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.