Шонли йўлни босиб ўтган нашр
Матбуот соҳасидаги илк фаолиятимни Самарқанд вилоятининг "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасида машинисткаликдан бошлаганман. Филология фанлари доктори, профессор Нуриддин Шукуров бош муҳаррир, муҳаррир ўринбосари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мухторов эди.
Газета ўз тарихи мобайнида шонли йўлни босиб ўтди. Нашрга урушдан кейинги йилларда ёзувчи Шароф Рашидов бош муҳаррирлик қилган. Унинг бағрида соҳанинг не-не оловқалб, фидойи намояндалари меҳнат ва ижод қилишган. Бу газетада бугунги кунда фейсбук ўқувчиларига яхши таниш Фармон Тошев бошчилик қилиб келмоқда.
Газета даргоҳига катта муҳаббат билан кириб келганман. Хаёлимда бу ишдан улуғроқ ва муҳимроқ касб-кор мен учун бошқа йўқдек туюларди. Ишимиз ниҳоятда кўп, машинка бюросида тиқиллаган овози бир минут ҳам тинмасди. Кечалари корректурада ҳам қолиб, тонгда чиқадиган газетанинг хатосини тузатиш билан машғул эдик. Вақти келиб, мени адабиёт бўлимига ўтказишди. Журналистикадаги биринчи устозим - шоир Суръат Орипов эдилар. Суръат ака ҳазилкаш, очиқ кўнгил, камтарин, камсуқум одам эди. Суръат акани сўраб редакцияга жуда кўп одам келарди.
Бекорга эмас, Суръат ака ҳамманинг дардига дармон бўларди, мушкулини осон қилишга ёрдам берарди. Ҳамиша, ҳар куни икки-учта одам Суръат акага эргашиб юрарди. Суръат акани вилоят ташкилотларида ҳамма танирди, ҳеч ким сўзини икки қилмасди. Ажаб бир беғубор инсон эдилар...
Газетада турли йилларда таниқли ижодкорлар - Хосият Бобомуродова, Нусрат Раҳматов, Миршариф Хўжаев, Асад Дилмуродов, Ҳабибулла Темиров каби қанчадан-қанча ижодкорлар ишлашган.
Мен бугунги кунда матбуот ва оммавий ахборот воситаларида ишлаб, соҳанинг барча мураккабликларини енгиб келаётган касбдошларимизни байрам билан муборакбод этаман ва ҳорманг, ҳамиша бор бўлинг, дейман.
Дилбар САИДОВА.