АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерали қўл остидагиларни 2025 йилда Хитой билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Майк Минихан ўз қўл остидагиларига йўллаган расмий хатида Қўшма Штатлар икки йилдан сўнг Хитой билан урушга киришишини айтди, дея хабар бермоқда NBC телеканали.
"Умид қиламанки, мен адашяпман, лекин сезишимча, биз 2025 йилда жанг қиламиз", - дея ҳужжатдан парча келтирган телеканал. Хатнинг ҳақиқийлигини АҚШ ҳаво кучлари транспорт қўмондонлиги вакилларидан бири тасдиқлайди.
Генералнинг сўзларига кўра, Хитой расмийлари 2024 йилда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларидан Тайвань устидан назорат ўрнатиш бўйича операция ўтказиш учун фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, Минихан ўз қўл остидагиларини февраль ойи охиригача Хитой билан ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўриш чоралари ҳақида ҳисобот беришга чақирган.
Тайваннинг энг катта ороли 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Пекин бу ҳудудни Хитой провинцияларидан бири деб билади.
Тайвань атрофидаги кескинлик 2022 йил августида Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Ненси Пелосининг Тайпейга ташрифи ортидан кучайган. У тугаллангандан кейинги кун Хитой халқ озодлик армияси орол сувларидаги олтита зонада кенг кўламли ракета отиш маневрларини бошлаган.