АҚШлик олимлар “коронавирусни 100 фоиз блоклайдиган“ воситани топишди
Американинг Sorrento Therapeutics биофармацевтика компанияси олимлари коронавирусни 100 фоиз блоклайдиган антитаначани топишганини маълум қилишди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.
Манбага кўра, мутахассислар миллиардлаб антитаначаларни таҳлилдан ўтказишиб, улар орасида тождор вирусга таъсир қиладиган юзлаб турларини саралаб олишган. Текширувлардан сўнг ўнлаб антитаначалар қолдирилган. Якунда улардан фақат биттаси, яъни STI-1499 деб номланувчиси инсон ҳужайраларини вирус юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олишга қодир эканлиги аниқланди.
Қайд этилишича, мазкур кўринмас қалқон вирусни ўраб олади ва тўрт кун ичида уни организмдан олиб чиқиб кетади.
“Бу дори воситаси эканлигини алоҳида таъкидлаймиз. Чунки унда аниқ ишлайдиган ечим бор“, — деди компания асосчиси доктор Генри Жи. Ҳозирча бу борадаги синовлар фақат лаборатория шароитида ўтказилди, шунинг учун ҳали препаратни ишлаб чиқаришга рухсат олингани йўқ.
Доктор Жининг эътироф этишича, мазкур дори воситаси шарофати билан барча мамлакатлар карантин чораларидан қутулиши мумкин. “Агар организмимизда зарарсизлантирувчи антитанача бўлса, у ҳолда ижтимоий масофани сақлашга ҳам ҳожат қолмайди“, — деди у.
15 май куни Россия федераль тиббий-биологик агентлиги раҳбари Вероника Скворцова эса безгакка қарши мефлохин препарати самарадорлиги ҳақида гапирган эди. Шу бўйича клиникага қадар тадқиқотларнинг кўрсатишича, мефлохин коронавирус юққандан бошлаб 48 соат давомида уни тўлиқ йўқ қила олган. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун бир миллилитрга икки микрограмм миқдордаги кичкинагина дозанинг ўзи кифоя. Скворцова дорини ҳам профилактика, ҳам даволаш хусусиятларига эга эканлигини таъкидлаган.
Айни пайтга келиб янги коронавирусга қарши вакцина яратилганича йўқ. Дунёнинг турли мамлакатлари олимлари эса бу борадаги изланишларни жадал олиб боришяпти. Ҳозирча тождор вирус инфекциясини даволашда лицензия олинмаган препаратлар ва тажриба тариқасидаги терапия усуллари, мисол учун, мефлохин ва гидроксихлорхиндан фойдаланилмоқда.