Араб тили ва туркий тил худди пойга қилиб чопаётган икки улоқчи от сингаридир
Биз сўз юритаётган ушбу улуғ зотнинг тўлиқ исми-шарифи Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Кошғарийдир. Ул зот ўз давридаги туркий тил ва араб тилига баҳо бериб, “Араб тили ва туркий тил худди пойга қилиб чопаётган икки улоқчи от сингаридир”деб ёзган.
Дарақиқат, “Девону луғотит турк”дек асар ёзиш фикри муаллифнинг ўз тили ва маданиятига нисбатан буюк муҳаббати ва ифтихоридан дарак беради. Айни замонда ушбу асар муаллифнинг чинакам маърифатпарвар бўлганлигини, унинг бошқа тиллар ва маданиятларга самимий ҳурматини исботлайди. Айни пайтда, ушбу китобнинг бой мазмуни, чуқур ўйланган ички тузилиши муаллифнинг чуқур интеллектуал ҳамда маънавий салоҳиятидан дарак беради.
Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” китобида бевосита ўз ҳаётига тааллуқли бўлган баъзи маълумотларни ёзади. Унда айтилишича, у Иссиқкўлнинг жанубий қирғоғидаги Барсғон шаҳрида туғилган. Шунингдек, агар унинг исмидаги нисбаси ҳам эътиборга олинса, Қорахонийлар сулоласининг марказий мулки ҳисобланган Кошғар шаҳридан бўлиб чиқади. “Девону луғотит турк” китобида “урду” сўзи – шоҳ яшайдиган шаҳар, яъни ўрда дейилган. Шунинг учун Кошғарни урду канд, яъни Ўрдакент – шоҳлар яшайдиган шаҳар дейишади.
Шундай қилиб, Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Кошғарий 1029 йил Иссиқкўлнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган Барсғон шаҳрида туғилган. Айтишларича, Барсғон Алп Эр Тегин, яъни Афросиёб ўғлининг исмидир ва айнан у Барсғон шаҳрини бунёд этган кишидир. Тарихий маълумотларга кўра, Маҳмуд Кошғарийнинг отаси - Ҳусайн ибн Муҳаммад ҳам худди шу шаҳарда туғилган.
Афсуски, Кошғарийнинг ҳаёти ва фаолиятига доир тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Маълумотларга қараганда, унинг боболари асли Кошғарлик бўлиб, XI асрда Боласоғунда таваллуд топган. Унинг дастлаб Кошғарда, сўнгра Самарқанд, Бухоро, Марв, Нишопур, Бағдод каби машҳур шаҳарларда таҳсил кўргани айтилади. У ёшлигидан тил ва адабиёт илмига алоҳида қизиқиш билан қараган.
Кейинчалик Кошғарий Хитойдан тортиб, Ўрта Ер денгизигача бўлган ҳудуддаги мамлакатларни кезиб, узоқ йиллар давомида туркий халқлар тарихи, тили, оғзаки ва ёзма адабиёти, урф-одатлари, яшаш тарзи, маданиятини синчиклаб ўрганади. Бунда, айниқса, туркий сўзларни тўплаш, туркий тил ва лаҳжаларни бир-биридан фарқлаш, уларни мунтазам тартибга солишга ҳаракат қилади.
“Мен турклар, туркманлар, ўғизлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, - дейди Маҳмуд Кошғарий. - Луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўргандим. Бу ишларни тил билмаганлигим учун эмас, балки бу тиллардаги ҳар бир кичик фарқларни аниқлаш учун қилдим. Бўлмаса, тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳмларидан, эски қабилаларидан, жанг ишларида уста найзадорларидан эдим. Туркий тил лаҳжаларига шунчалик диққат қилдимки, тиллари бутунлай дилимга жо бўлди. Уларни ҳар томонлама пухта асосда тартибга солдим. Бу китоб бир адабий ёдгорлик бўлсин, деб худога сиғиниб ёздим. Китобни “Девону луғотит турк” (“Туркий тиллар луғати”) деб атадим.
Ҳозирги замон илмий тили билан айтганда, Маҳмуд Кошғарий XI асрнинг улкан тилшунос олими сифатида машҳур. Кошғар шаҳри Қорахонийлар сулоласининг асосий маскани эканлигини таъкидлаганига қараб, бир қатор тадқиқотчилар Маҳмуд Кошғарийни ҳам шу сулолага дахлдор деб билади. Бундан ташқари, у мақолаларидан бирида, аниқроғи, уйғур – тўғрисида сўз кетаётган, яъни ўғуз лаҳжасида ҳамза ҳарфи “х” ҳарфи билан ўрин алмашиши тўғрисида таъкидлаб, шундай деб ёзади: “Шул сабабдан бизнинг аждодларимиз бўлган амирларни ъамир дейишга тиллари келмай хамир дейишар эди. Сомонийлардан турк ерларини тортиб олган бизнинг бобомизни эса Амир Бухра Текин деб аташар эдилар”.
Бу ерда муаллифнинг ўз насл-насабини келтириши ҳамда Кошғарнинг Қорахонийлар учун асосий қароргоҳ эканлиги тўғрисидаги маълумоти бир қанча тадқиқотчилар учун (масалан, Прицак, Жузе ва бошқа шу каби) “Девону луғотит турк” муаллифининг ўзи ҳам Қорахонийлар сулоласига тегишли бўлган бўлса ажаб эмас, деган фикрнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлди.
Жузенинг тахминига кўра, узоқ замонлардан буён Сомонийлар ҳукмида бўлиб келган Трансоксания ерларини эгаллашни охирига етказган ва Маркази Кошғар бўлган Қорахонийлар сулоласининг етакчиси Наср ибн Али Маҳмуд Кошғарий аждодларидан бири бўлган (вафоти тахминан 1012 ёки 1013 йил).
Бир қатор тарихий манбаларга ва “Девону луғотит турк”дан келтирилган юқоридаги парчага асосланган Прицак Маҳмуд Кошғарий 992 йили Бухорони қўлга киритган, Трансоксаниянинг биринчи истилочиси Бўғрахон унвонини олган Хорун (ал-Ҳасан) ибн Сулаймоннинг авлоди бўлган, деган фикрни билдиради.
Прицакнинг таъкидлашига кўра, Маҳмуд Кошғарийнинг отаси Ҳусайн ибн Муҳаммад, Барсғон амири Бўғрохоннинг невараси бўлган тарихий шахс Ҳусайн ибн Муҳаммад билан айни битта одам, айни бир кишидир.
Маҳмуд Кошғарийнинг вафот этган аниқ санаси маълум эмас. Бироқ айрим тадқиқотчилар 1101 йилни ул зотнинг вафот этган санаси деб, Кошғар яқинидаги Опал қишлоғини эса ул ҳазратнинг вафот этган жойи деб ҳисоблайди.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” китобини барча туркий тиллар луғатининг жамланмаси ёки умумтуркий тил энциклопедияси деб аташ ҳам мумкин.
Маҳмуд Кошғарийнинг Опалдаги мозори кейинроқ “Авлиё устоз қабри” деб атала бошланган. Ушбу сағана 1984 йили таъмирланган.
“Девону луғотит турк” 8 бобдан иборат бўлиб, 7,5 минг лексемани ўз ичига қамраб олган. Албатта, шак-шубҳа йўқ, бу асарнинг ёзилишига бир неча йиллар давомидаги катта меҳнат сарфланган. Бундай меҳнатнинг натижаси ўлароқ муаллиф томонидан туркий халқларга мансуб бўлган катта ҳажмдаги лингвистик, тарихий ва этнографик маълумотлар жамланган. Маҳмуд Кошғарий ҳазратлари илк ўрта асрлардаги туркий халқларга тегишли манзилларни айланиб, ўрганиб чиқиш жараёнида ниҳоятда улкан миқдордаги лисоний бойликлар тўплаган.
Ушбу асар том маънода ўрта асрларнинг дастлабки даврларида мавжуд бўлган турк халқларига хос бебаҳо тарихий лингвистик, этнографик, фольклор намуналарини ҳамда туркий тилнинг фонетик, грамматик ва лексик жиҳатларини, тил дурдоналарини акс эттирувчи ўхшаши йўқ бир китобдир.
Маҳмуд Кошғарий қаламига мансуб “Девону луғотит турк” китоби дастлабки давр турк диалектологиясига доир ягона илмий асар бўлиб, унда ушбу тил диалектологияси ва морфологиясининг мавжуд ҳолатлари ҳамда уларнинг ўзига хос хусусиятига тааллуқли диалектик шакллар тўғрисида етарлича маълумотлар бор. У Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон, Волгабўйи ва Урал тоғлари атрофидаги элатлар ва халқларнинг оғзаки шеърий ижодиётининг матнларини ўзида қамраганлиги билан ҳам қимматли.
Эски араб филологиясининг илмий услубларидан фойдаланиб битилган Маҳмуд Кошғарийнинг ушбу асари тилшунос, адабиётшунос ва фольклоршунослар учун жуда қимматли манба ҳисобланади.
“Девону луғотит турк” муқаддимасида туркий тилли халқларнинг номлари бирма-бир келтирилади. Булар бажнак, қипчоқ, уғуз, ямак, бошқирд, басмил, қай, ябоқу, татар, қирғиз, чигил, тухси, яғмо, иғроқ, жару, жамул, уйғур, тангут, табғач халқларидир. Шунингдек, девонда ана шу туркий халқлар яшаган жойларни кўрсатувчи доира шаклидаги харита ҳам келтирилган.
Китобнинг “Луғат” қисмида эса ана шу халқларнинг тиллари ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар кўрсатилади, мукаммал изоҳи берилади. Асарда 7,5 мингдан ортиқ туркий сўзларга атрофлича изоҳ берилади. Шунинг учун ҳам «Девони луғотит турк» туркий тилшуносликнинг энг нодир ва муҳим ёдгорлигидир.
Маҳмуд Кошғарий ўзининг саъй-ҳаракатлари давомида туркий тиллар тадқиқига бағишланган «Жавоҳир ун-наҳв фи луғотит-турк» (“Туркий тиллар наҳвига оид гавҳарлар”) ёки (“Туркий тилларнинг наҳв (синтаксис) қоидалари”) ҳамда «Девони луғотит турк» номлари билан аталувчи иккита асар яратганлиги тарихий ҳужжатларда қайд қилинган. Бу асарнинг биринчиси бизга қадар етиб келмаган ёки аниқланган эмас. «Девони луғотит турк» асарини эса олим 1076-1077 йилларда тугаллаб, халифа Абулқосим Абдуллоҳ бин Муҳаммад ал-Муқтадога туҳфа этади.
Бу асарнинг 1276-1277 йиллар давомида Муҳаммад бин Абу Бакр Дамашқий деган киши томонидан кўчирилган бир қўлёзмаси Истанбулдан топилади ва 1939-1941 йилларда ҳозирги турк тилида нашр этилади. Солиҳ Муталлибов ушбу илмий асарни ҳозирги ўзбек тилига ўгириб, 1960-1963 йилларда уни уч жилдда нашр эттирган.
Очил РУСТАМОВ,
филология фанлари номзоди, доцент.
Нуриддин ЮСУПОВ,
СамДЧТИ магистранти.