АРСЛОНЮРАК ШОИР

* Адиб ижодига бир назар
Абдусаид Кўчимов назм ва насрда баравар ижод қиладиган, ўзига хос салоҳиятга эга ижодкорлардан бири. Назм қаламкашдан жўшқинликни, мухтасарликни, наср баёнининг теранлиги ва қамровдорлигини талаб қилади. Камдан-кам ижодкорлар мана шундай хислатларни уйғунлаштира олади. Зотан, Навоий каби даҳолар, Бобур Мирзо каби беназир истеъдод соҳиблари, Ғафур Ғулом ва Ойбек каби забардаст адиблар мана шундай ноёб салоҳиятга эга бўлган.
Ватан мавзуси муқаддас сифатида Абдусаид Кўчимов ижодида ҳам етакчи ўрин тутади. Уюртимизнинг бетакрор гўшаларидан бири – қадимий ва кўҳна Ургут фарзанди. Абдусаид Кўчимов “Заррада қуёш, сенда Ўзбекистон акси бор”, дея мазкур қадимий гўша фарзанди экани билан ҳақли фахрланади:
Мовий самога туташ қоя-ю тоғларингга,
Кўзларни қамаштирган мезавор боғларингга.
Турнакўз булоқларинг, тошқин ирмоқларингга,
Қурбон бўлсин бу жоним – жондан азиз маконим, –
Орта юртим – Ургутим,
Бобо юртим – Ургутим!
Шоир Ватанга муҳаббатини кўплаб залворли манзумаларида изҳор этади. Ватанни куйлаш, уни таърифлаш осон эмас. Ҳатто Абдулла Орипов каби буюк шоир ҳам она-Ватанни вафс этишга ҳатто менинг ўткир қаламим ҳам ожизлик қилади, деб эътироф этганди (“Фақат ожиз қаламим маним,/ Ўзбекистон Ватаним маним”).
Абдусаид Кўчимовнинг “Ватан” шеърида ҳам уни таърифлашга шоирнинг луғавий бойлиги-ю мусаввирнинг сон-саноқсиз бўёқлари ожиз экани таъкидланади:
Бошингда осмону, қошингда қуёш,
Тасвиринг чизолмай мусаввир ҳалак.
Шоир сўз ахтариб қотиради бош,
Булоқдай қайнайди ошуфта юрак.
Париваш жамолин қилади кўз-кўз,
Бағрингда барқ урган ҳар гул, ҳар қиёқ.
Фақат шоирингга етишмайди сўз,
Фақат мусавввирга етмайди бўёқ.
Шоир Парвардигори оламга “Илтижо”ларида ҳам она юртимиз Ўзбекистон бахту саодатини ёлвориб сўрайди:
Элим деб, юртим деб яшаш бахтини
Насиб эт ўзбегим – жонажонимга.
Мангу насиб айла иқбол тахтини
Ўзбекистонимга – онажонимга.
Абдусаид Кўчимов она юртимиз таърифини баланд пардаларда куйлар экан, юртимиз жаҳон тамаддуни равнақига салмоқли ҳисса қўшган сон-саноқсиз алломалар юрти эканини алоҳида таъкидлайди:
Юлдузларни санаш мумкиндир балким,
Ҳисоблаш мумкиндир сайёраларни.
Санаб саноғига етолмас ҳеч ким
Ўзбекзаминдаги алломаларни.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Зулфия Мўминова Абусаид Кўчимов лирикаси ва ижодига хос ватанпарварликни шоирона таърифлайди:
“Абдусаид Кўчимов дейилса, кўз ўнгимга баҳор чоғи саман отини миниб, Ургут тоғларидан тушиб келаётган ўғлон келади. Отининг ёнидаги хуржуннинг ўнг қопчасида равоч, анзур пиёзи, кийикўт ҳамда турли гиёҳлар, чап томонида эса алвон очилган лолалар.
У қишлокдагиларга ҳар йили баҳорни шу тариқа совға қилади. У тоғнинг қаерида шифобахш гиёҳлар борлигини билади. Лолалар қаерда кўп бўлишини шоир сезгиси билан сезади. Гиёҳларни нуронийларга улашар экан, уларнинг дуоларини олади. Равоч, анзур, қўзигул, чучмомаларни болаларга бериб, қувончини кўзларига кўчиради, лолалар – оналарга, янгаларга, амма-ю холаларга ва қишлоқ қизларига!
Чавандознинг кайфияти кўтаринки. Чунки у тоғдан қалби тўла илҳом, юраги тўла шеър билан қайтди. Уйга киради-ю кўклам ифори таралиб турган туйғуларини қоғозга туширди:
Бошингда осмону, қошингда қуёш,
Тасвиринг чизолмай мусаввир ҳалак.
Шоир сўз ахтариб қоширади бош,
Булоқдек қайнайди ошуфта юрак.
Юксакда, тоғлар бағрида унинг боши оппоқ булутларга тегиб турди. Минг кўзли булоқлар минг турли эртаклар сўзладилар унга. Булоқлардан эгилиб сув ичди. Сўнг булоқ бўйидаги чечакларга бошини қўйиб осмонга боққанича булоқ билан, баҳор билан, осмон билан гаплашиб ётади ва шундай сатрларни битади:
Бир ниҳол экдингми Ватан боғига,
Меҳрингни тўкдингми чўл, янтоғига,
Гулларга чанг-ғубор қўнган чоғида
Арта билолдингми чангу ғуборни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Шоир қалби – Ватан учун очилган муҳаббат гулларининг масканидир. Шоирнинг томирлари Ватаннинг жон томирлари ила туташиб кетган.
Айнан Абдусаид Кўчимов ижодининг бирор лаҳзасини Ватан мавзусидан айро топмайсиз. Унинг бахти ҳам шунда”.
Шеъриятнинг кучли жозабаси, ҳатто қудратли оҳанрабоси бор. Шунинг учун ҳам аксарият одамлар шеър ёзади, шоир деган юксак номга даъвогарлик қилади. Бироқ шеърият гулшанининг дарвозаси фақат ўзига хос тилсим билан очилади. Бу тилсимни эса ҳамма ҳам билавермайди. Оқибатда шоирликка аксарият даъвогарлар мазкур тилсимни билмаганликлари сабабли шеърият гулшанига кира олмай бир умр унинг атрофида айланиб ўтиб кетади.
Шоирдан биринчи галда ҳар бир сўзга хос сеҳрни кашф этиш талаб қилинади. Қолаверса, сўзларни маҳорат билан қўллаш, образлардан ўринли ва унумли фойдаланиш, муҳими, булбул каби равон куйлаш талаб қилинади. Абдусаид Кўчимовнинг шундай шеърлари борки, улар равонлиги, образларга бойлиги, сатрлар бир-бири билан кавшарлангандай пайваста экани, ўйноқи ва теран фалсафий мазмун-моҳияти билан ром қилади:
Тутдек тўкиларди, қолмай қилча из,
Тутиб турмаганда Юлдузни Юлдуз.
Бир-бирига содиқ, вафодор-йўлдош,
Аҳил оиладир Ой билан Қуёш.
Мудом бир-бирига ҳаловат излар,
Вафодор ошиқлар – Кеча, Кундузлар.
Дарахтнинг томири бўлсайди саёз,
Қовжираб қоларди келмасдан аёз.
Суяб турмасайди тоғларни тоғлар,
Янчиб ташлар эди уларни зоғлар.
Сатрлар аксарият тўқ қофияларга эга мазкур шеърий парча шоирнинг “Оила” шеъридан олинган. Шоир “Ой билан Қуёш”, “Кеча ва Кундуз” ташбеҳларини қўллаганда оиланинг икки устуни – эр ва хотинни назарда тутгани, шубҳасиз. Шеър мустаҳкам оила дунёнинг устуни, оила – Ўзбекистонда жон қадар азиз экани таъкидланган ҳолда якунланган.
Шоирларнинг аксарияти туйғуларини, қувончу ғам-ғуссаларини табиат тасвири орқали ифода қилади. Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда”, Ойбекнинг “Наъматак” шеърларида шу ҳолни кузатамиз.
Нафис чайқалади бир туп наъматак,
Юксакда, шамолнинг беланчагида.
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида,
Нафис чайқалади бир туп наъматак...
Ойбек домла наъматакнинг “Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул, Виқор-ла ўшшайган қоя лабида” нафис чайқалишини таъкидлар экан, аслида бу шеърни қандайдир дарду ҳасратлардан безган ҳолда армон билан ёзганини зимдан ҳис қиламиз. Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда” шеъри ҳам қандайдир шикоят, армон, айни пайтда эртанги кунга умидворлик билан йўғрилган.
Буюк устозлар анъанасига содиқлик билан қалам тебратадиган Абдусаид Кўчимовнинг “Оққуврай” шеъри ҳам теран дарду ҳасрат, айни пайтда ўзгача илҳом ва жўшқинлик билан ёзилган:
Жоним, тақдир синови бўладими шунчалик,
Ёлғизликнинг азобин ҳеч ким билмас сенчалик,
Бу дунёда дарддошинг, сирдошинг йўқ тунчалик,
Сенга қараб йиғлар сой,
Унсиз фарёд чекар ой,
Кўнгли ярим Оққуврай, сумабарим Оққуврай.
Бу шеър шоир муайян оғир тақдир синовига дуч келган, ёлғизлик азобидан изтиробга тушган, тундан ўзга дардкашу сирдоши йўқ мушкул вазиятда ёзилгани, шубҳасиз. Шунинг учун бу шеър менга аламли таронадай туюлди. Маълумки, “қуврай” - “оққуврай” дашт ўсимлиги. Бинобарин,бу сўз айтилиши ҳамоно кўз олдингизда уфқларга туташган бепоён дашту биёбон намоён бўлади ва қалбингизни қандайдир ғам-ғусса чулғаб олади.
Бу шеърни ўқир эканман, устоз Абдулла Ориповнинг “Каклигим” шеъри ёдимга тушди. Бушеър ҳам аламли армон билан йўғрилган ва армон билан якунланган:
Билмадим не бўлди – кетдинг бедарак,
Дўрмон боғларини кездим жонсарак.
Қушдан дўст топгандим , кўп кўрди фалак,
Энди қайлардасан, ошно каклигим.
Абдусаид Кўчимов устоз Абдулла Орипов сиймосига ўзгача ихлос билан муносабатда бўлишини таъкидлаш керак. У “Абдулла Орипов дорилфунуни” шеърида таъкидлайди:
Ҳар кимнинг бошига қўнсин бахт қуши,
Ҳар ким султон бўлсин шараф тожига.
Аммо чидармикин ҳар қандай киши,
Шон-шуҳрат аталмиш синов божига...
Эл-юрт муҳаббати, Ввтан ардоғи,
Йўлингга қуёшдек тўкса нурини;
Сабру қаноатдан бергай сабоқни
Абдулла Орипов дорилфунуни.
Шоирман, дегувчи ҳар аҳли қалам
Абдулла Орифдек ёзмоғи фарздир.
Ранжу аламларга чидамоқни ҳам
Камтарин устоздан ўрганса арзир.
Дарвоқе, Абдусаид Кўчимов устоз Абдулла Ориповни ўзгача ҳайрат билан эсга олади:
“– Абдулла Орипов шеърларини суйиб ўқимаган, ёдламаган, дўстларига, таниш-билишларига, севимли ёрига тўлқинланиб, тошиб-жўшиб айтиб бермаган китобхон бормикан теварак-атрофимизда? Илло, шоир ижоди, ижодидаги теран фалсафа, инсон қалби манзаралари чизилган инжа тасвирлар, диёнатсизлик, хиёнат, суллоҳлик, мешчанлик, тақлидчилик каби иллатларга бўлган нафрат, бир сўз билан айтганда, Абдулла Орипов феномени (Одил Ёқубов ибораси) ҳали яна неча-неча асрлар ўзига маҳлиё этгувчи бебаҳо жавоҳирот уммони экани исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатдир. У билан суҳбатда бўлган ҳар қандай инсон улуғ шоир тафаккури, юксак ва бой руҳий олами, кенг дунёқараши, чуқур илмий фалсафий фикр-мулоҳазалари, ўт-олов туйғулари олдида беихтиёр таъзимга чоғланарди. Ижодкор меҳнатига, адабиётга, ҳаётга, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга, дўстликка, оилага катта масъулият билан қараши, зукко файласуфлиги, ҳаётга чексиз мафтунлиги, ёш ижодкорларга ҳамиша фойдали маслаҳатлар бериши эса ҳавасни келтирарди. Кўринишидан доимо ўйчан, вазмин бу инсоннинг яқинлар даврасидаги қувноқ ҳазил-мутойибалари, одамгарчилиги, меҳмондўстлиги, гурунгдошлиги ҳайратга соларди”.
Таъкидлаш керакки, Абдусаид Кўчимов шеърияти ҳам устоз Абдулла Орипов лирикаси каби фалсафий теранлиги билан ажралиб туради. Шоир ҳатто йирик шеърларида ҳам файласуф шоир Саъдий Шерозий каби бирон теран ҳикмат айтиши эътиборни тортади. А.Кўчимовнинг айниқса, саккизликлари ва тўртликлари теран ҳикматомуз мазмун-моҳияти билан диққатга сазовор ҳисобланади. Бинобарин, шоирнинг “Тўғрилар ва ўғрилар” тўртлиги шу жиҳати билан ажралиб туради:
Мудом ўзларини юришар ушлаб,
Асло “тўғримиз” деб, айтмас тўғрилар.
“Бизлар ҳалолмиз!” деб кўксига муштлар
Айби фош бўлишдан қўрққан ўғрилар.
Бу тўртликда шоирнинг ўзига хос собит ҳаётий дастуриламали, ҳамиша тўғрилар тарафида экани, ўғрилар билан эса асло чиқиша олмаслиги ҳам ўз ифодасини топган.
Қуръони каримда Қалам сураси бор. Албатта, бунда илоҳий Қалам назарда тутилган. Мумтоз адабиётимизда ҳам қалам ўзгача ихлос билан таърифланган. Ҳазрат Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида унинг таърифига махсус боб бағишлаган. Навоий қаламни “Тангри ҳукми билан ғаройиб тилсим”, деб таърифлайди:
Қалам парвоз қилар мисли тулпор от,
Азалдан манзили юксак коинот.
Шиддати гар дилга ваҳима солар,
Шабдез каби шитоб кўздан йўқолар.
Одамзод бармоғи унда шаҳсувор,
Бўғинлар белбоғу тирноқлар узор.
Чопганда қуйруғи зафар маёғи,
Қулоғидай тилик бошдан-оёғи.
Наинки Шабдез у, қушдир хушовоз,
Қанотсиз ҳам қилар ҳар томон парвоз.
Бу қуш тумшуғида гарчи тош зоҳир,
Ва лекин оламга сочар жавоҳир.
Наинки қуш, қушда йўқ бундай жисм,
Тангри ҳукми билан ғаройиб тилсим.
ХХ асрнинг йирик адибларидан бири Франц Кафка: “Қалам ёзув қуроли эмас, ёзувчининг тана аъзоси” эканини таъкидлайди. Абдусаид Кўчимов ҳам “Қаламга” шеърида унга юқоридаги таърифларга асло ўхшамайдиган ўзгача таъриф беради. Уни ҳатто ўзининг тўртинчи фарзанди деб атайди:
Уч қора кўз – бордир уч болам,
Сен тўртинчи боламсан, қалам.
Қувонч-кулгу, ташвишу нолам –
Сен бор, тенгсиз бахтим бор менинг.
Шоир бу таъриф билан қаноатланиб қолмасдан қаламни қиблагоҳларига қиёслайди:
Қаттиқ қўлсан отамдай доим,
Гоҳ онамдек мунис, мулойим,
Шундоқ бўлиб қолгин, илойим,
Сен бор, тенгсиз бахтим бор менинг.
ХХ аср халқимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан тарихий ўчмас из қолдирган юз йиллик ҳисобланади. Мамлакатимиз халқи мазкур асрда қўлга киритган ютуқлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Айни пайтда Фитрат, Қодирий, Чўпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев каби буюк шоир ва адиблар адабиётимиз юксалишига беқиёс ҳисса қўшди. Абдусаид Кўчимовни ҳам ХХ асрда яшаб, ижод қилган қаламкашлар сирасига киритиш мумкин. У ўзидан олдинги Абдулла Орипов анъаналарини яна бир поғона юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшган, адабиётимиз тарихида етмишинчи йиллар авлоди деб ном олган пешқадам ижодкорлардан бири экани билан эътиборга молик.
Абдусаид Кўчимов ўзини асосан журналист деб билади. Бинобарин, унинг “Журналистларга” шеърини бевосита ўзига нисбатан ҳам қўллаш мумкин:
Нонгиз гоҳ бутун, гоҳо яримта,
Дилингиз туҳматдан гоҳ нимта-нимта.
Аммо дардингизни айтмай ҳеч кимга,
Мадад бўлай дейсиз она ҳалқимга –
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим.
Муҳими, Абдусаид Кўчимов ўзи эътироф этгани каби “она халқимга мадад бўлай дея, элим, юртим деб ёниб яшаётган ижодкорларнинг пешқадам сафида бораётган халқпарвар, ватанпарвар, адолатпарвар шоир ва адиб ҳисобланади.
Устоз Абдулла Орипов ичи қора ҳасадгўйларни “ичида тонналаб кўмир бор” дея ҳақли равишда маломат қилади – фош қилади. Абдусаид Кўчимов эса ҳасадгўйларга нисбатан “кўролмайдиган бахил кимсалар” иборасидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос “кўролмовчилар” сўзини қўллайди ва шу номда салмоқли шеър битади:
Зимистон ўрмонда дуч келсанг шерга,
Ёхуд, ҳужум қилса бир тўп ўқилон.
Беркиниш мумкиндир аллақаерга,
Кўролмасдан эса.... қийин, даргумон.
“Ношукур” шеърида қаноатсиз очкўзларнинг қиёфасини маҳорат билан чизади:
Дарё берсанг симиради,
Дунё берсанг тўймайди.
Аммо етим қўзичоқдек
Маърашини қўймайди.
Эзгулик наинки шоир ва адиб, балки оддий инсон сифатида ҳам Абдусаид Кўчимовнинг бош шиори ҳисобланади:
Кимсага эланма, чироғим,
Элингни эломон ули бўл.
Улкан ишга келмаса чоғинг,
Эзгуликнинг танти қули бўл.
Ҳаётнинг турли синовларидан ўтган шоир жуда ўринли равишда “Эҳтиёт”корликка чорлайди:
Ношуд – овсардан ёмон,
Овсар – қайсардан ёмон.
Жоҳил кимса баридан
Бешафқат ва беомон.
Бундайларни кўрганда
Ўзингни тутгил йироқ.
Уларга тенг бўлгандан
Бўлмаганинг яхшироқ.
Абдусаид Кўчимов шеър ёзиш асносида айниқса ирсоли масал, яъни мақоллар ва нақлларни турлича шаклда қўллаб ўзига хос бетакрор асарлар яратади. Жумладан, халқимизда томчи тошни тешар нақли бор. Шоир айни нақлдан фойдаланган ҳолда гўзал тўртлик ёзган:
Томчидан огоҳ бўл, ёмғирдан эмас,
Томчи ташвишингга ташвиш қўшади.
Боболар ҳар сўзни бекорга демас:
Томчи томаверса, тошни тешади.
Тўртликнинг охирги сатридаги сўзларнинг барчами “т” жарангдор ундош товуши билан бошлангани ҳолда ўзига хос шоирона мусиқийликни таъкинлаган.
Айни пайтда Абдусаид Кўчимовнинг тўртликларини ўзига хос битиклар деб таърифлаш ҳам мумкин. Жумладан, қуйидаги тўртликни шамолга битик деб аташ мумкин:
Енгил нарсаларни излайди шамол,
Енгил нарсаларни пойлаб туради.
Енгил нарсаларни топдими, дарҳол,
Кўкка олиб чиқиб, ерга уради..
Шоирнинг тутунга тўртлик-битиги айниқса ўзига хос теран маънога эга:
Ўтин ёқсанг, ҳаммадан бурун,
Алангадан тутун чиқади.
Хушомадгўй бамисли тутун,
Оловдан ҳам бутун чиқади.
Шоирнинг “Ҳовлиқма” тўртлиги масал тарзида битилган:
Соламан деб дунёга довруқ,
Хўроз бўлиб қичқирди товуқ.
Ҳаял ўтмай тақдири пишди –
Пат юлиниб, қозонга тушди.
Умуман, у масалмонанд, ҳазиломуз шеърларни маҳорат билан ёзади.
Абдусаид Кўчимов ўз ижодида халқ лапарларидан ҳам унумли фойдаланади. Натижада унинг шеърлари яна ҳам халқчил тус олади, халқона равон оҳанглар касб этади. “Ўғлимга” шеъри ана шундай халқона сатрлар билан бошланади:
Онам эккан гул-райҳон,
Сўлмайди, деб ўйлардим.
Отажоним ҳеч қачон
Ўлмайди, деб ўйлардим.
Ўн беш йилки, йўқ онам,
Отам йўқдир оламда.
Кўникиб қолдик болам,
Бу жудолик – оламга.
Шеърнинг дастлабки банди мана шундай армон билан йўғрилган. Ниҳоясида эса ҳазиломуз ҳаёт ҳақиқати ёрқин акс этган:
...Отам тушиб ёдимга,
Хаёл қурғур опқочди.
Боқма арзу додимга,
Гап чувалиб, гап қочди.
Елвизакда рўёдай,
Ўтадиган чақмоқ йўқ.
Ҳали-бери дунёдан
Кетадиган аҳмоқ йўқ.
Хулоса ўрнида айтганда, юрагида арслон бедор шоир ва адиб Абдусаид Кўчимов бугунги кунда устоз ижодкор мақомига етди.
Устозга ижодий зафарлар тилаймиз!
Исмат КЎЧИЕВ,
Ўзбекистон ва Беларус Ёзувчилари
уюшмаси аъзоси, адиб ва шоир.
Абдуҳамид ПАРДАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.