Артур ака, патирнон ва қўй гўшти

Телевидение журналистлари ёқтирмайдиган бир мавзу бор – опрос (сўров - йўлда дуч келган одамга микрофон тутиб, белгиланган мавзу бўйича фикрини сўрайсиз) “Янгиликлар” дастурида доим муҳим мавзу (Президент фармони, куннинг энг муҳим воқеалари, ҳалқаро тадбирлар, сессиялар ва ҳоказолар) бўйича интервьюлар бериб борилади. Ҳатто телеоператорлар ҳам "опрос" дейишса, норози бўлишарди...
СТВ телеканалида ишлаганимизда операторлар орасида энг ёши улуғ, энг тажрибалиси Артур ака эди. Боққами, тоққами, бораверарди - яна йўл бўйи мухбирни "ўқитиб" ҳам кетарди. Артур ака билан зўр жамоа бўлиб узоқ йиллар ишладик, ажойиб инсон эди. Ҳеч кимга ўхшамайдиган – қувноқ, чапани, айбингизни юзингизга шартта айтадиган феъли бор эди. Фақат "Тилини топсангиз бўлди!".
Ўз ишининг устаси бўлган Артур Гулназаровнинг бир қоидасини ҳамма мухбирлар яхши биларди - "Война война, обед - обед!".
Уйи ишхонага яқин, Сартепада яшарди - соат 13.00 га яқинлашаверса, уйига йўл оларди.
Аёлини жуда пазанда, дейишган. Артур ака ошхонага кирмасди, ишда бўлса уйида тушлик қилиб келарди.
Биласиз, ижодий гуруҳ съёмкалар давомида баъзида тушликни вақтида қилолмасдик, телевидениеда вақт масаласи жуда муҳим, яъни тезкорлик. Кўрсатув ё лавҳа эфирга қўйилган бўлса, айниқса, ҳар бир дақиқа ғанимат! Аввал съёмка, кейин матн ёз, раскадровка, просмотр, монтаж ва энг охирида сюжет ёки кўрсатувни кенгашдан ўтказиб олиш. Бунақа пайтда солдат бўлиб кетардик-ей!
...Анча йиллар олдин Ургутдаги бир қишлоқда бир фожиали воқеа бўлганди - тоғда бир нечта уйлар тоғ кўчкиси остида қолган... Артур ака билан ўша қишлоққа кетдик.
Махсус хизматлар билан ҳамкорликда съёмка қиляпмиз. Ёш эдим, қаттиқ таъсирландим, бироз қўрқдим ҳам. Артур ака жонбозлик билан ишлади, топшириққа кўра, кўрсатув, янгиликлар учун сюжет ва ҳужжатли фильм тайёрлашимиз керак экан. Топшириқ жуда нозик эди - интервьюлар, кадрлар бошқачароқ, одамларни ваҳимага туширмаслик, ноқонуний, ноқулай ва хавфли бўлган ҳудудларда уй қурмаслик ҳақида эди...
Вазифаям, вазият ҳам оғир... одамларнинг дардини эшитиш, уларга ёрдам бериш керак.
Ўшанда Артур акадаги қатъият, фидойилик ва совуққонликка қойил қолганман!
"Ты ещё молодая, ничего привыкниш, Гуль..!".
Ўша куни тоғда яна бир қизиқ воқеа бўлди - кайфиятга, муҳитга, шароитга умуман мос тушмайдиган кулгили воқеа...
Артур ака ҳамма нарсадан юмор чиқариб юрарди. Тушликка қишлоқ аҳли катта товоқда қатиқ ва патир беришди - Артурнинг айтишича, бунақа мазали қатиқ ва патир нонни умрида "не разу не попробовал!".
Мени эса томоғимдан овқат ўтмайди. Артур аканинг шошиб–пишиб, “умр бўйи оч қолган одам”дек овқатланишидан ғашим келиб, аччиғим чиқиб ўтиравердим. “Шунақа вазиятда одам овқат ейиши мумкинми?”.
Қатиқ ҳам, патир ҳам ростдан ажойиб экан, татиб кўрдим, мен ҳам ҳалигача бунақа мазали таом еганимни эслай олмайман. Гурунглашиб ўтиргандик - бир пайт операторим "ииии, ещё добавка есть, что-ли... зачем не сказала мне", деб қолса, денг!
Бир пайт қарасам, катта лаганда хил-хил пишган қўй гўштини олиб келишяпти.
Артур ака эса аллақачон қорнини тўқлаб олган (патир ва қатиқнинг ҳаммасини паққос туширган) экан, бир гўштга, бир менга қарайди - егиси келяпти, лекин имкони йўқ, кетмайди, еёлмайди.
Роса кулганмиз!
Яна у киши ҳазиллашиб, “Гулчеҳра қатиқ ва патирни атай емади, бир ўзи битта қўйни еди! Менга едирмади, гўшт ея олмадим, афсус”, деб бу ҳангомани ҳаммага узоқ вақт айтиб юрарди...
...Артур ака вафот этишидан бироз олдин Бахтигул билан бирга у кишини уйига боргандик - бизни яхши кўраркан, йиғлаб кўришдик. Хотини “сизларни жуда кўп эслайди”, деди. Расмларимиз ҳам бор экан, анча ўтириб қолдик. Аёлиям Артур акага ўхшаб жуда яхши инсон экан “Келиб туринглар, қизлар”, деди. Пазандалиги ҳам рост – Артур ака бекорга кўчадан овқатланишни истамас экан.
Биз ўзимиз, ташвишларимиз билан бўлиб қолдик.
Яна боролмадик... Хабар ололмадик... Бу орада у киши дунёдан ўтди. Ўзидан бир дунё яхши шогирдлар, яхши хотиралар қолдириб кетди.
Биз университетни битириб, иш бошлаган ўша авлод, ёш журналистлар - шогирдларингиз (Турғун, Бахтигул, Фотима ва мен), ҳамиша Сиздан миннатдормиз, қарздормиз!
Ётган жойингиз нурга тўлсин!
Касб байрами сабаб кўп воқеалар эсга тушаверади. Яхши инсонлар ва яхши ишлар эса унутилмайди...
Гулчеҳра Бердиёрова.