Архив – тарихнинг қоғоздаги қўриқчиси
Бугун вилоят давлат архивида фан, маданият, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид кўплаб ноёб ҳужжатлар сақланмоқда. Шунингдек, ҳарбий мутахассислар, йирик фан ва адабиёт намояндалари, давлат арбоблари ва бошқа таниқли шахсларнинг шахсий фондлари ҳам мавжудки, булар ўзбек, рус, араб ва эски ўзбек алифбосида ёзилган ҳужжатлар фондимизни бойитиб келмоқда.
- Ҳозирги давр архив идоралари фаолиятини замонга мослашни тақозо этмоқда, - дейди вилоят давлат архиви архивчиси Фазлиддин Улуғов. - Бунинг учун архив маълумотларини Давлат хизматлари марказлари орқали бериш, архив хизматларини тезкор ва сифатли тақдим этиш, айниқса, аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимларнинг малакаси ва маданиятини ошириш орқали халқ билан тизимли мулоқотни таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Архив ҳужжатларининг ҳажми ва оқими йил сайин ортиб бориши ҳисобга олиниб, уларнинг қийматини аниқлаш, экспертизациялаш ишлари кўламига жиддий ёндашилмоқда. Бунинг учун фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилиб, хужжатларни белгиланган меъёрлар асосида сақлаш, умрини узайтиришга эътибор қаратиляпти. Қоғоз шаклида сақланаётган маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш ва идоралараро электрон ҳамкорликка қўшилиш орқали фаолиятимизга босқичма-босқич рақамли технологиялар жорий этилмоқда.