Архивлар фаолияти рақамлашмоқда, натижада аксарият сўровлар электрон тарзда қабул қилинмоқда

Шу йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилоятидаги архив муассасаларига юридик ва жисмоний шахслардан 26916 та сўров келиб тушган.

Жумладан, давлат архивларига 5951 та мавзули, 20965 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига эса 12680 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келган.

Ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларнинг 20468 таси давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)  орқали, 419 таси почта ва электрон почта орқали келган бўлган, 78 нафар фуқаро бевосита архивларга мурожаат қилган.

Бу маълумотлар вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан бошқарма ва унинг тизимидаги вилоят, шаҳар ва туман архив муассасаларининг шу йил биринчи ярмидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Бошқарма бошлиғи Абдували Маманазаровнинг таъкидлашича, бир пайтлар юртдошларимиз бирор бир маълумот ёки ҳужжат нусхасини олиш учун архив идораларига бориб, бевосита мурожаат қилган бўлса, соҳанинг рақамлаштирилиши натижасида бугунга келиб, аксарият сўровлар электрон тарзда қабул қилиниб, жавоб берилмоқда.

– Архив муассасаларида сақланаётган қоғоз асосидаги ҳужжатлар босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилмоқда, – дейди А.Маманазаров. – Шу мақсадда куни кеча қўшимча равишда етти туман архивига замонавий сканер қурилмалари берилди. Йил бошидан буён республика Миллий архив фондининг (ЎзР МАФ) электрон шаклини яратиш йўналишида вилоятимиздаги давлат архивлари томонидан 1073 сақлов бирлигидаги қоғоз ҳужжатларнинг 525 минг 398 та кадр электрон нусхаси яратилди. Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш ахборот тизими – e.archive.uz га жами 6 та фонд, 226 та рўйхат, 16681 та сақлов бирликлари, 27665 та ҳужжат киритилиб, рақамлаштириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, йилнинг дастлабки олти ойида бошқарма томонидан вилоятдаги 10 та ташкилот ва идорада архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назорати ўтказилган. Мазкур тадбирлар натижасида 3 та маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда 9 та ташкилотга кўриб чиқиш мажбурий бўлган тақдимномалар юборилган.