Асал етиштирувчилар солиқ имтиёзларига эгами?
- Асаларичилик билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар, фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар қандай турдаги солиқларни тўлайди ва ҳисоботларни топширади? Улар қандай солиқ имтиёзларига эга?
Хуршид Халилов,
Булунғур тумани.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 11-бандида 2023 йилнинг 1 январигача белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли (маҳсулот) материаллар, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумлар ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилиши белгилаб берилган.
Солиқ кодексининг 57-моддаси 2-қисмида биологик ресурс (ҳайвонлар ва ўсимлик)лардан олинган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик, балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига кириши белгилаб берилган.
Асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Солиқ кодекси бўйича қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун берилган солиқ имтиёзларидан фойдаланишлари мумкин. Жумладан, кодекснинг 243-245-245-246-моддаларида қўшилган қиймат, 414-моддасида мол-мулк ҳамда 428-моддасида ер солиқлари бўйича имтиёзлар белгилаб берилган.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 377-моддасининг 1-қисмида ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқларни ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан, ипак қуртини, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига кириши белгиланган. Кодекснинг 378-моддасининг 1-қисми, 8-бандида уй хўжалигида, шу жумладан, деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно) чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадларига солиқ солинмаслиги қайд этилган.
Адлия Вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 24 февралида 3221-сони билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 28 январдаги 2020-03-сонли қарори билан тасдиқланган шакллардаги солиқ ҳисоботлари рўйхатга олинган солиқ инспекцияларига тақдим этилиши лозим.
Саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Валишер Темиров жавоб берди.