Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автомашиналарни техник кўрикдан ўтказиш нима учун керак?

Вилоят транспорт бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳрида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи автокорхоналар фаолияти билан танишди.

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Қоржововнинг таъкидлашича, вилоятимизда 671 та автокорхонанинг 272 таси якка тартибдаги тадбиркор бўлиб, улар ҳисобида 535 та автобус, 104 та микроавтобус, 7 843 та енгил машина бўлиб, йилига  9 174 та транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилади.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартда қабул қилинган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан янги транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмаслиги белгилаб қўйилган эди, - дейди Ж.Қоржовов. - Шунингдек, жисмоний шахсларга тегишли автотранспортларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тадбиркорларга юклатилган бўлиб, ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиб келиняпти. Шунингдек, уларга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Техник кўрик» автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти яратилди. Ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ошган автомобиллар 1 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади. Шу билан бирга, сентябрдан хорижий давлатларга чиқадиган транспортлардан ташқари барча транспортларга техник кўрикдан ўтгани тўғрисидаги талон бериш амалиёти ҳам бекор қилинади.

Журналистлар дастлаб «Зарафшон групп» масъулиятли чекланган жамиятида бўлиб, корхонада яратилган шарт-шароитлар, автомашиналарнинг техник, ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиш жараёнларини кузатишди.

- Тадбиркорларга автомашиналарнинг техник кўрикдан ўтказишга рухсат берилгач, хориждан замонавий кўрикдан ўтказиш асбоб-ускуналарини олиб келиб ўрнатдик, - дейди техник кўрик лобораторияси бошлиғи Жонибек Мамарасулов. – Кунига 35-40 та автомашина техник кўрикдан ўтказилади. Транспортларнинг тормози, газ баллонлари, узаткич, тунги чироқлари каби 8 та йўналишдаги қисмлари тўлиқ назоратдан ўтказилади. Носозлик ҳолати кузатилса, шу ернинг ўзида малакали техник-усталар камчиликларни бартараф этади. Бу Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Техник кўрик» автоматлаштирилган ахборот тизимига қайд этиб қўйилади.

Дилмурод Тўхтаев.