700 доллар ва керакли ҳужжатлари бўлган ҳамённинг эгасини излаб, топган таксичи

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаётган сафдошим Феруза Раҳимова билан суҳбатлашиб қолдик. У маҳалласида яшовчи Ирода исмли аёл ҳаётида нохуш ҳодиса рўй берганлигини хафа бўлиб айтди. Касбим тақозосидан ҳолатни эринмай сўраб олдим.

- Ирода чеварлиги орқасидан рўзғорини тебратади, ҳалол, меҳнатка аёл, - деди Ф.Раҳимова. - Маҳоратли тикувчи бўлганлигидан мижозлари кўп. Бояқиш яқинда катта бозорга борганида ҳамёнини йўқотиб қўйибди. "Қўйинг, синглим, кўп куйинманг, пул бўлса топилар", дедим. Лекин у ҳамён ичида фуқаролик паспорти, банк картаси, чет элда ишлаётган опасининг болаларига юборган 700 АҚШ доллари ҳам борлигини айтди. Шунинг учун ҳам йиғилишда кайфиятим бўлмай турибди.

Тўғриси, мен ҳам минг хил хаёлга бордим. Бу аёлга раҳмим келди. Яхши таниганим учун эртасига ишхонасига - тикувчилик цехига йўқлаб бордим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, кўнглимдан чиқариб, ёрдам бермоқчи бўлиб турганимда хонага бир такси ҳайдовчиси кириб келди.
Ҳайдовчи воқеани айтгач, Ирода беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Йигит ҳам пухта экан, йўқолган нарсаларнинг кўриниши ва миқдорини қайта сўраб олди. Иродани таниганим ва машинасига минганини эслагани учун бу ҳамён шу кишиники деган фикрга келган экан. Аммо ҳамён эгасини бир неча кундан буён излаб юрганини яширмади.
Ирода ҳамённи олгач, ичидан анча пул чиқариб:
- Укажон, барака топинг, катта раҳмат. Мана бу мукофот сизга, - деб узатди.
Такси ҳайдовчиси пулни олмади.
- Опа, бу сизнинг ҳалол пулингиз. Мен оддий одамгарчилик қилдим, холос. Бундан кейин ҳушёр бўлинг.
Тўғрисини айтсам, мен ҳам ширин бир кайфиятда бўлдим. Яхшилар кўп экан дунёда. Йигитдан исмини сўрадим, айтмади. "Ака, ҳар бир ҳаракатимиз учун раҳмат, рағбат сўрайверсак, унда одамгарчилик нима бўлади?"
… У шошилиб чиқиб кетди, ҳатто такси давлат рақамини ҳам кўрмай қолдик.
Йигит айтганидек, мақолани ҳеч жойга бермоқчи эмас эдим. Бироқ, куппа-кундузи одамларнинг пулини ўғирлашга ҳаракат қилаётган айрим нопок кимсаларга ибрат бўлсин учун ушбуни маълум қилишга жазм этдим. Ҳар қалай кимгадир инсоф берар, кимгадир таъсир қилар бу воқеа.

Тоҳир Ҳамидов,
журналист.