“Совуқ тушди — пул ишлаб ол”: Айрим такси ҳайдовчиларининг шиори шуми?

Бугунги -14 -16 даражали совуқда ҳам иш ва бошқа ташвишлар билан юрган анча одамни учратдим. Бироқ Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти — автобуслар у ёқда турсин, таксилар ҳам кам. Эрталаб ишга бориш учун шаҳар ичида такси тўхтатсам, ҳайдовчи "15 минг сўм берсангиз, марҳамат", деди. Иккинчи, учинчи такси ҳайдовчилари ҳам шундай жавоб берди. Мажбур ўша нархга рози бўлдим.

Тўғри, ҳайдовчиларни тўғри тушуниш керак. Ҳаммаям бу аномал совуқда юрак ютиб уловини ҳайдаб чиқавермайди. Кеча кўчаларда эриган сув музлаган, пиёдалар уёқда турсин, машиналар ҳам тойиб кетяпти. Аммо такси ҳайдовчиларининг йўловчилардан 3 километр юргани учун 15 минг сўм талаб қилиши ҳам тўғри эмас-да. Иссиқ кунлари шу масофага 5 минг сўмга олиб келган ҳайдовчи сал ҳарорат пасайса, 10 минг сўмга рози бўлмаяпти.

Улар ҳам йўловчиларни тўғри тушунса яхши бўларди. Кимлардир зарурат юзасидан йўлга чиққан, айримлар шифохонага келаётган бўлса, яна бировининг пули кам бўлиши мумкин. Бўлмаса, шу қаҳратон ҳавода иссиқина уйида ўтирмасмиди?

Аксинча, йўли бўлса, пул олмасдан ҳам кўчадаги одамларни ташлаб ўтаётган ёки нафсига эгалик қила олаётган ҳайдовчилар ҳам бор, албатта. Инсофлининг баракаси бўлади, дейишади халқимиз. Инсофли бўлсак кам бўлмаймиз.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.