Автотранспорт воситаларининг божхона тўловларини билмоқчимисиз?
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси томонидан эфирга узатилган “Очиқ мулоқот” кўрсатуви орқали ҳам мазкур масала юзасидан фуқаролар томонидан божхоначиларга кўплаб саволлар келиб тушди. Биз бугал ана шу саволларга янада батафсил жавоб беришни лозим топдик.
Божхона кодексининг 289-моддасига асосан, товар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишда қуйидаги божхона тўловлари тўланади:
- импорт божхона божи;
- акциз солиғи;
- қўшилган қиймат солиғи ;
- божхона йиғимлари.
- воситасининг божхона қиймати олди-сотди шартномасида кўрсатилган сумма ёки нархлар халқаро каталоги бўйича аниқланади.
Автотранспорт воситасини божхона расмийлаштирувидан ўтказишда мазкур автотранспорт воситасининг техник паспорти, олди-сотди шартномаси ва келиб чиқиш сертификати керак бўлади.
Қуйидаги айрим давлатлардан келтирилган енгил автотранспорт воситалар учун божхона имтиёзлари белгиланган.
Автотранспорт воситаси Эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома тузилган мамлакатларда ишлаб чиқарилган, мазкур автотранспорт воситасининг келиб чиқиши эса СТ-1 шаклидаги сертификати билан тасдиқланса, божхона божи ундирилмайди. Бунда Ўзбекистон билан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина каби давлатлар ўртасида ана шундай шартнома имзолаган.
Бундай автотранспорт воситалар учун акциз солиғи эса, агар автотранспорт воситаси ишлаб чиқарилган йили уч йилдан ошмаган бўлса, Қозоғистон, Россия ва Украинада ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари учун божхона қийматининг 2% ини ташкил этади.
Бошқа автотранспорт воситаларига импорт ва акциз солиғи ставкалари двигателнинг техник тавсифлари ва автотранспорт воситаларнинг янгилигига боғлиқ. Бунда қуйидаги жадвалларда фарқи яққол кўринади. 1-жадвалда белгиланган импорт божи ставкалари акс эттирилган.
Энди эса диққатингизни 2-жадвалимизга қаратамиз. Унда сиз белгиланган акциз солиғи ставкалари билан танишишингиз мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз! Агар Сиз бошқа турдаги (юк машинаси, трактор, махсус транспорт воситалари) автотранспорт воситаларини импорт қилишда белгиланган ставкалар ва божхона тўловлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишни истасангиз Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси www.lex.uz интернет сайти орқали қуйидаги меъёрий ҳужжатлар билан танишиб чиқишингиз мумкин.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.09.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3303-сон қарори;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сон қарори;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги “Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида”ги 204-сон қарори;
- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 8 апрелда 429-рақам билан рўйхатга олинган “Эркин савдо тартибини назарда тутувчи битимлар имзоланган эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим иштирокчилари бўлган давлатлар рўйхати”;
- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 8 апрелда 426-рақам билан рўйхатга олинган “Энг қулай савдо-сотиқ тартибини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхати”
Ҳурматли фуқаролар! Сизлар мазкур йўналиш билан боғлиқ мурожаатларингизга қўшимча маълумот олишни истасангиз вилоят божхона бошқармасининг (66-233-63-00) “Ишонч телефони” орқали Божхона тўловлари бўлимига мурожаат этишингиз мумкин.
Ислом Аббосов,
Божхона тўловлари бўлим бошлиғи.