Автовокзал ва автостанцияларда зарур шарт-шароитлар яратилмаган. Нега?
Вилоятда 1 та йўловчи автовокзали ва 17 та автостанциялар мавжуд ва улар тадбиркорлик субъектларига тегишли.
Амалдаги “Меъёрий-техник талаблар”га мувофиқ, автовокзал ва автостанциялар ҳудудида яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар ўрганилганда, аксарият автостанцияларда бу талаблар бажарилмаганлиги маълум бўлган.
Жумладан, Самарқанд шаҳри Ойдин йўл кўчасида жойлашган “Комплекс транс” МЧЖга тегишли “Самарқанд” автовокзали ҳудуди қаровсиз ҳолатда. Кириш ва чиқиш жойларидаги текшириш постлари носоз, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган жойлар талаб даражасида эмас.
Кафтархона маҳалласида жойлашган “Сиёб” автостанцияси ҳудуди ҳам қаровсиз. “Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанциялари тўғрисида”ги низом талабларига жавоб бермайди.
Шоҳи Зинда кўчасида жойлашган “SXF Samarqand City Stroy” МЧЖга қарашли “Шоҳи Зинда” автостанциясининг маъмурият хонаси тадбиркорлик субъектлари томонидан “савдо дўкони” сифатида фойдаланиб келинмоқда. Чиқариш ва тушириш перронлари талаб даражасида эмас, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратилмаган. Автостанциядан чиқиш қисми бетон тўсиқ билан тўсиб қўйилган.
Спитаменшоҳ кўчасида жойлашган “Huasheng Technology” МЧЖга тегишли “Ҳазора” автостанцияси ҳудудида йўловчилар ва жамоат транспорти ҳаракати учун яратилиши керак бўлган шароитлар ҳам амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайди.
Шунингдек, Пайариқ тумани “Оттава КАН” МЧЖга тегишли “Пайариқ” автостанцияси жорий йилда қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлса-да, бу борада ишлар бошланмаган.
Пахтачи тумани “Пахтачи ташкилий Авто” МЧЖга қарашли “Зиёвуддин” автостанцияси ҳудуди жамоат транспорти ҳаракати учун талабга жавоб бермайди. Кутиш хоналари ва ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар тадбиркорлик субъектлари томонидан “Маиший техникалар дўкони” сифатида ишлатилмоқда.
Каттақўрғон тумани “Шукрулло ота шоҳбекати” МЧЖга қарашли “Пайшанба” автостанцияси ҳудудидаги йўловчилар кутиши учун мўлжалланган бинолар ва хоналар савдо дўкони сифатида фойдаланилмоқда. Бу ерда ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли шароитлар яратилмаган.
Нарпай тумани “Самарканд Идеал Сервис” МЧЖга қарашли “Мирбозор” автостанцияси ҳудуди санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Автостанцияда ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли шароитлар яратилмаган, ҳудудга кириш ва чиқишда хавфсизлик чоралари кўрилмаган.
Жомбой тумани “Жомбой Транс сервис” МЧЖга қарашли “Жомбой” автостанциясида кутиш хоналари йўқ. Бу ерда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли шароитлар яратилмаган.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида мазкур масала муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилган.