Айни дақиқаларда Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда

Давлатимиз раҳбари форумнинг барча иштирокчиларини самимий қутлади.
“Ўзбекистон замини кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келган.
Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлган.
Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Миср каби мамлакатларда шаклланган цивилизация ва маданият намуналари айнан қадимги Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида учрашиб, бир-бирини ўзаро бойитиб келган.
Бунинг натижасида 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади.
Биз “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттирмоқдамиз.
Бундан 5 йил аввал биз Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, унинг доирасида кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлини танладик.
Ушбу ислоҳотлар дастури давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олиб, қонун устуворлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш каби муҳим йўналишларни ўзида мужассам этган.
Биз биринчи навбатда, илгари инвесторларни Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омилларни бартараф этиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар ярата бошладик”, деди Президент.