Аёл – юксак маънавият соҳиби
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгашида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ана шу мавзуда давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, “Аёллар қаноти” фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирни партиянинг вилоят кенгаши раиси И.Ботиров очиб, барча хотин-қизларни баҳорнинг энг гўзал байрами билан қутлади. Жамият ҳаётида аёлларнинг ўрни беқиёс экани, айниқса, депутат аёллар фаоллиги жойларда ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
“Аёллар қаноти” тизимида фаолият юритаётган аёллар мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдиришди.
Таъкидландики, жамият ҳаётининг деярли барча соҳалари — давлат ва жамият бошқаруви, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, фермерлик ва тадбиркорлик, спорт, маданият ва санъат йўналишларида эришилаётган ютуқлар замирида аёлларнинг фидойи меҳнати мужассам. Айниқса, ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва баркамол қилиб тарбиялашда оналарнинг ўрни беқиёс.
Тадбир якунида фаол аёл депутатларга байрам совғалари топширилди.