«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» муаммоларни бир кунда ҳал этиб берадиган сўров эмас
«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» нима? Нега уни ташкил қилишга эҳтиёж туғилди. Умуман, жамиятда ушбу қатламга эътибор қаратилишидан қандай мақсадлар кўзланган?
Яқинда мамлакатимиз раҳбари томонидан жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масала бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Айни кунларда мазкур топшириқ ижроси юзасидан Иштихон тумани ва Каттақўрғон шаҳрида амалий ҳаракатлар бошланган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа ташкилотлардан келган гуруҳ аъзолари сўров натижаларини жамлаш, умумлаштириш ишларини ҳудуд вакиллари билан биргаликда амалга оширмоқда.
Иштихон туманига борганимизда бу ерда сўров ўтказиш ишлари жадаллик билан бошланганига гувоҳ бўлдик.
- Юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни «темир дафтар» тузилган эди. Энди худди шунингдек, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» шакллантирилмоқда, - дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сайёра Жумаева. - Бу рўйхатлар «темир дафтар»дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ёшлар, хотин-қизлар киритилади. Улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади. Айни пайтда намуна сифатида Каттақўрғон шаҳри ва Иштихон туманида сўровлар ўтказилаётган бўлса-да, барча ҳудудларда уни амалга ошириш бошлаб юборилди.
Хўш, сўров ўтказилди, умумий натижалар жамланди, унинг умумий таҳлили натижаси нима бўлади? Аҳолининг қайси муаммоларини ҳал этишда ушбу жамланмалар асқотади? Биринчи навбатда сўровлар натижалари тўрт сектор фаолиятининг асосий йўналиши бўлади. Яъни, маҳалла фаолларидан тортиб, туман сектор раҳбарлари учун асосий дастур сифатида фойдаланилади. Қолаверса, давлат дастурларини тузишда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини амалга оширишда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш кераклиги хусусидаги маълумотлар базаси сифатида қўлланилади.
Кейинчалик мазкур рўйхат асосида ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш мумкин. Масалан, оилавий психолог хизмати ва туман адлия бўлимлари орқали ҳуқуқий маслаҳатлар бепул ташкил қилинади. Дафтарлар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланилади.
- Маҳалламизда тўрт мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Иштихон туманидаги Хонақа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хадича Қаландарова. – Айни пайтгача икки мингдан кўпроқ киши ўртасида сўров ўтказилди. Сўровни амалга оширишда маҳалла фаоллари, кўчабошилар, шунингдек, бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам ёрдам бермоқда. Муҳими, бирорта хонадон четда қолмаслиги ва сўровнинг ҳар бир саволига аниқ жавоб олишдир. Ушбу сўров амалга оширилгач, бизда мавжуд «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» янада мукаммаллашади. Сабаби, айни пайтда ўтказилаётган сўровда нафақат сўралганларнинг ижтимоий ҳолати, балки уларнинг қизиқишлари, қандай иш қўлидан келиши, қандай имкон берилса уни уддалаб кета олиши ҳақидаги фикрлар ҳам жамланади.
- Каттақўрғон шаҳрида “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан масъул раҳбарлар иштирокида хатлов ўтказилмоқда, - дейди Каттақўрғон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Феруза Раҳимова. – Бунда адолатсизликка йўл қўймаслик, хатлов жараёнларида ҳеч ким эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун шаҳар ҳокимлиги, ёшлар ишлари агентлиги ҳамда тегишли ташкилотлар масъуллигида ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”нинг юритилиши бўйича 10 кишидан иборат шаҳар штаби, 4 та секторда 8 кишилик сектор штаблари тузилди. Шаҳардаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган ишчи гуруҳлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Анкета сўровномаси саволларига назар ташлар эканмиз, унда ишлаш истаги бор ёки йўқ, агар ишлаш истаги бўлса айнан қайси йўналишда тадбиркорлик қилиш имкониятлари, касб-ҳунарга ўқиш, чет элда ишлаш истаги каби жиҳатлар қамраб олинганига гувоҳ бўлдик. Аниқ саволларга берилган жавоблар умумлаштирилиб, аҳолининг ижтимоий аҳволи ҳақида аниқ бир база ташкил этилиши, шунга кўра келгуси йил дастурларида вазифалар белгиланиши, демакки, барчаси реал тадқиқот натижаларига кўра амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.