“Аёллар ўртасида самарқандлик илк гроссмейстер бўлмоқчиман”
Кейинги йилларда мамлакатимизда шахматчиларнинг янги авлоди етишиб чиқяпти.
Жумладан, яқинда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов ҳамда Жавоҳир Синдоров жамоавий баҳсда бронза медалига сазовор бўлди. Олимпиаданинг аёллар баҳсида 12-ўринни эгаллаган терма жамоамиз вакиллари таркибида вилоятимиз спортчилари Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликова ҳам муносиб иштирок этди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси, шахмат бўйича Осиё чемпиони Маржона Маликованинг халқаро даражадаги гроссмейстер бўлишига бир қадам қолди. Маржона 2002 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. 7 ёшидан шахмат билан шуғулланади. Фаолияти давомида бир неча карра Ўзбекистон чемпиони ва совриндори, халқаро турнирлар иштирокчиси бўлган. 2022 йилда Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўтказилган “Ғарбий Осиё шахмат чемпионати 2022” Осиё чемпионатида 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасида олтин медални қўлга киритган. Испаниянинг Сардегна шаҳрида ўтказилган “Fide World Junior Chess Championship 2022” чемпионатида, 2023 йил Қирғизистонда ўтказилган “Issyk-Kul Open 2023” халқаро шахмат мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган. Жорий йил Россиянинг Казан шаҳрида ўтказилган “БРИКС” жаҳон ҳамжиҳатлик олимпиада бахсларида блиц ва рапид йўналишларида учинчи ўринга сазовор бўлди.
- Оилада тўнғич фарзандман, икки укам бор, - дейди Маржона Маликова. - Ота-онам математика фани ўқитувчиси бўлгани учун уйда кўп шахмат ўйнарди. Мен эса уларни кузатиб, шахматнинг юришларини ўрганман. Отам қизиқишимни кўриб, шахмат тўгарагига қўйган ва шуғулланишим учун барча шароитларни яратиб берган. Илк мураббийим Виктор Исмаиловдан шахмат сирларини ўрганганман. Шахматда америкалик гроссмейстер Ҳикару Накамурага мухлислик қиламан. Кўпроқ онлайн шахмат ўйнайман, бўш вақтимда сайр қиламан, мусиқа эшитаман.
Фаолиятимга келсак, 2022 йилда Ўзбекистон аёллар терма жамоасига қабул қилинганман ва ҳозирда халқаро тоифадаги гроссмейстер Тоҳир Воҳидов мураббийлигида нуфузли мусобақаларда иштирок этяпман. Яқинда Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жамоавий иштирокимиз яхши ўтди. 180 дан зиёд давлат шахматчилари иштирок этган олимпиадада 12-ўринни қўлга киритдик ва ўзимиздан анча кучли бўлган жамоаларга қарши рақобат олиб бордик. Мен олти ўйинда 2,5 очко тўпладим. Тан олиш керак, рақибларимиз биздан анча кучли эди, шунга қарамай яхши ўйин кўрсатдик, деб ўйлайман.
2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқандда ўтказилади. Мусобақага тайёргарликни бошлаганмиз. Ҳозирда мураббийим билан камчиликларим устида ва кўпроқ янги дебютлар, янги тактикалар, ўйин вақтидаги режалар устида ишлаяпмиз. Самарқанддан хотин-қизлар ўртасида гроссмейстер чиқмаган, лекин аёл мастерлар бор. Мен ҳам ҳозирда WIМ (Woman International Master) шахмат бўйича халқаро аёллар мастериман ва битта халқаро аёллар гроссмейстери нормаси бор. Яна иккита шундай нормани қўлга киритсам, аёллар гроссмейстери бўламан. Келажакдаги мақсадим гроссмейстерликка эришиш ва кўплаб халқаро турнирлар ғолиби бўлиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.
Маржона Маликова 2019-2023 йилларда Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетида таҳсил олган. 2022 йилда эришган ютуқлари эътироф этилиб, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган. Айни пайтда Тошкент халқаро молиявий бошқарув ва технологиялар университети магистратураси биринчи босқич талабаси.
Фазлиддин Рўзибоев.