Айтинг, соғинмаган борми баҳорни?

Таниқли болалар шоири Олқор Дамин ҳаёт бўлганида бугун 78 ёшини қарши олган бўларди.
Миёнқол воҳасининг катта шоири, марҳум Олқор Даминнинг шеърларини ўқирканман, гўё кимдир қўлимдан тутгандай, унутилган болалик эртакларим томон етаклагандай туюлади. “Овлоқ тоғлар куйчиси булоқлар”, “яшил рўмолли қирлар”, “булут ҳидига тўлган қишлоқ”, “содда қуёш-у эрка шамоллар”, “болдан ширин хаёл”, “шеър ҳиди келган тупроқ...”. Шоир яшаган жайдари ва нозанин ҳислар Оқёлли Оқтовнинг бўйчан ва ўйчан қизи сифатида айни дамда менга ҳам тан: “жилғалардан ётиб сув ичишлар”, “юракни ҳаётга эсталикка бериш”, “ғам қўйнида жилмайиб турмоқ”, “булоқдан тиниқ бўлишга аҳд”, “ўзини излаб шеър ёзмоқ...”
Боқишлари иссиқ, тупроқ каби ҳокисор инсон, ўзини ўзи излаб яшаган шоир, афсуски, бугун орамизда йўқ. Айтишларича, унинг ўлими ҳам ўзининг рангида келган: сирли, онлик ва қулай. Талаба эртаги имтиҳонга нечоғлик тайёрланса, инсон ҳам ўлимга шу қадар ўзини ҳозирламоғи айтилади сўфийлик фалсафасида. Шоир Олқор Даминнинг вафоти шу жиҳати билан ҳаммамизни ҳайрат ва саросимага қўйди. Чунки у хаста эмас эди, чунки у энди етмиш ёшини қарши олганди. Бу донишманд ёш инсонни маҳсулдор қилади, албатта. Шоиримиз тирик бўлганида яна неқадар тўқмағизли, фусункор шеърларини тақдим этарди бизга, дея хотирлаймиз бугун.
Унинг кўзларида биров билиб-биров билмаган катта оғриқ, ҳаётга ошиқлик ва тавозе бор эди. Дунёдан сенга не керак деб сўрашса, фақатгина қоғоз ва қалам сўраган сўфий шоирнинг “кўксига экилган лолалар”, афсуски, бу гал ял-ял товланиб, ўзи севган баҳорга пешвоз чиқолмайди. Баҳорни, ялпизни, анғизни, қизларнинг зулфини сийпалаган муаттар шамолларни кўнгил рубобини чала-чала куйлайди куйчи шоир. Шеърларида у ҳаммани баҳорга ўхшатади негадир: онасини, сингилларини, қизини, самимийликни... Самимийлик дунёга оро берувчи, ҳаммага баробар бағир очиб чечак тутган муҳташам баҳордир шоир нигоҳида. Қизи Нигорахоннинг айтишича, шоир оғанинг ўзи ҳам қиш оёғи, баҳор бошида туғилган экан.
Ажойиб шоир, ажойиб инсон, ажойиб ота ҳақидаги хотиралар қизи Нигора Жўраева тилидан:
- Отамиз биз, етти фарзандига “сиз” деб мурожаат қиларди, унинг бошқа оталардек баланд овозда гапирганини сира кўрмаганмиз. Фақатгина бир нарсага жаҳли чиқарди: дарсхонасига кириб, ёзув столидаги буюмларга тегинсак астойдил хафа бўлар, шунда ҳам овозини кўтармасдан ҳеч кимга гапирмай қўярди. Онамизни ҳам худди шундай ҳурматлар, сиз туфайли эмин-эркин юрибман, ҳайкал қўйса арзийдиган аёлимсиз, дерди. Ҳақиқатан ҳам онамиз Рисолат ая ўн бармоғи ўйнайдиган тадбиркор, будли-шудли, аёллик вазифасини ортиғи билан адо этган аёл эди. Маҳалланинг кўрпасими, ёстиғими, кийим-бошими, ҳаммасини онам колхоздаги котибалик ишидан келгач, ярим кечалари ухламасдан тикиб ўтирарди. Ёзувчи Ойбекнинг ҳаётида рафиқаси Зарифа Саидносированинг ҳиссаси қанчалик улуғлигини эшитганмиз. Дадамнинг орқасида ҳам онамиз тоғ каби тиргак турган, биз, фарзандларини қишлоқда ўзи эплаб-сеплаб вояга етказган. Дадам, деярли Самарқандда, Тошкентда ишлаб юрар, қишлоқдаги уйимизга бир-бир ярим ойларда бир келарди. Бу ҳақда ёзилган шеъри ҳам бор.
Ўз уйимга меҳмон бўлдим, сени деб,
Тубанларга душман бўлдим, сени деб,
Оз бўлса-да сарсон бўлдим, сени деб,
Пастга қадри арзон бўлдим, сени деб,
Онажоним, муштипарим Шеърият!
Биров билиб, биров билмай ранжитар,
Яхши одам элга меҳрин ганж этар,
Совуқ сўзлар қуёшни ҳам жунжитар,
Нега ҳамон одам дилни инжитар,
Онажоним, буюк дардим, Шеърият!
Бир сафар, биз унда гўдак эдик, дадам оиласини ҳам Тошкентга кўчириб кетди. Уйдан-уйга кўчавериб кўп сарсон бўлганмиз. Ҳар кўчганда асосий юкимиз дадамнинг китоблари, битта тори, битта найи, бизнинг кийимларимиз солинган уч-тўрт бўхчалар бўларди. Энди янги жойга ўринлашганимизда “боласи кўп экан” дея ҳайдаб солишарди. Ҳозирги Олмазор тумани, Фаробий кўчасидаги ижара уйда кўпроқ муддат яшаганмиз. 111-мактабда икки йил ўқиганман. Онам уйимиздан узоқроқ ерда чинни заводига ишга кирганди. Шу миёналарда дадам бир иш билан Иштихонга келади ва у замонги совхоз раиси Фазлиддин Пирназаров билан учрашиб қолади. Раис дадамнинг аҳволига ичи ачишиб, дарҳол уч хонали уйнинг калитини тутқазади: “Мана бу “Камаз”га мин-да, Тошкентга бориб, болаларни сарсон қилмасдан дарҳол кўчингни олиб кел”, дейди.
Дадам бу сийловдан терисига сиғмасдан Тошкентга келса, онам дарҳол унинг қўлига бир конверт тутқазади. Очиб ўқиб қараса, адресимизга беш хонали уйнинг ордери келибди. Бир пайтлар кимнингдир маслаҳати билан навбатга ёзилиб қўйган экан-да. Бераман деса, қўшқўллаб беришини, бахт қўшалоқ юришини қаранг. Дадамнинг боши қотади. Қишлоқда уч хонали уй, Тошкентдай шаҳри азимда беш хонали уй, қай бирини танласа экан-а? Аммо раисга қайтаман, деб лафз қилди, берган юк машинаси, мана, эшикда кўндаланг турибди. Онамнинг қишлоққа қайтмаймиз дея йиғлашига, ҳай-ҳайлашига қарамай, ҳаётини сўзга тиккан шоир дадам, бу оғир танловда берган сўзини, лафзини тутади. Беш хонали уйни рад этиб, эртасига кўчларимизни раис берган машинага ортиб, қишлоққа қараб йўлга тушдик.
Шу-шу, биз, фарзандлар қишлоқда, дадамиз шаҳарда, то у кишининг вафотига қадар бир-биримиздан узоқда яшадик. 1993 йили Самарқанд шаҳридан у кишига уй берилгунга қадар дадам бояқиш яна эски ҳаётида – ижарада, олийгоҳ ётоқхоналарида яшаб юрди. Шу уй берилгандан сўнг дадам еттинчи осмонда ҳис қилди ўзини, қувончини шундай ифода қилганди: “Шароф Рашидов берган Тошкентдаги уйда яшай олмасам-да, мана, Самарқандда Ислом Каримов берган уйда яшаяпман”.
Мен Иштихон шаҳрига тагли-тугли хонадонга келин бўлиб тушганман. Қайнота-қайнонамни ўз ота-онам каби яхши кўраман, улар ҳам мени қизларидан кам кўришмайди. Уй бор – уруш бор, дейишади-ку, бир куни катта қизим қўлимда, эрим билан орамизда гап қочиб қолди. Аразлашиб юрдик-юрдик, сўнгра бор-ей дедим-да, Самарқандга – дадамнинг ёнларига кетиб қолдим. Чунки онамни биламан, келган заҳоти орқамга қайтаради. Дадамнинг ош-овқатини қилдим, уйини йиғиштирдим, у киши оқ рангда кийинишни ёқтирарди, оқ тез кир бўлмайдими, кийимларини тўпладим, ювиб дазмол босдим, шу тариқа уч кун ҳам индамай ўтиб кетибди. Тўртинчи куни дадам мени ёнларига чақирди-да, шундай деди: “Қизим, сиз айтмасангиз ҳам, мен ҳаммасини тушундим, куёв билан гап талашганга ўхшайсизлар. Турмушнинг мушти ҳам бўлади, албатта. Оилада бир киши бахтли бўлса, бу бахт ҳаммага етади, бир киши бахтсиз бўлса-чи, у ҳам барчага етади. Мен сизни ҳамиша сабрли ва бахтли кўришни истайман...”.
Шу куни қизимни олиб, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, яна уйимга қайтиб келганман.
Дадам вафот этишига яқин, негадир қишлоққа тез-тез келадиган бўлиб қолганди. Онамнинг айтишича, бир куни жуда кайфиятсиз кўринган, кун бўйи қоғозларга кўмилиб ўтирган одам, кечга бориб, қучоқ-қучоқ қўлёзмаларини ҳовлига чиқариб ёқиб юборган. Онам қўлидаги ишини улоқтирганча югуриб келиб қоғозларни оловдан олмоқчи бўлса, негадир бунга дадам изн бермаган. Қўявер, ёнсин, деган чуқур изтироб билан. Сўнгги бир ой ичида онамдан “Мени кечир, сени аяй олмадим, кўп уринтирдим...” дея қайта-қайта узрини сўраган.
Дадамнинг касалини Тошкентда ҳам, Самарқандда ҳам аниқлай олишмади. Билганимиз – унинг иштаҳаси чўрт кесилди, сўнги бир ой ичида, кўксини кўрсатиб биздан нуқул сув сўради. Ҳаётга умиди бор бўлган инсон қийин-қаттиқ кунларни писанд қилмасдан мардона яшайверади, умиди кесилганлар чўкиб-хасталаниб қолади, деб эшитганман. Аммо дадамни тўсатдан нима йиқитганини излаб тополмайман: умидсизликми, уйқусизликми, қисматдан келган даъватми... Дадам, одатда кўп ухламасди, ярим кечалари ташқарида бедор кезар, кўкдаги юлдузларга термулар, сўнг уйга кириб тонгги соатларгача ўтириб ишларди. Бир гал, эрталабки нонуштада Муҳаммад Шайбонийхоннинг ғазалига ёзган мухаммасини ўқиди. Агар ҳисоблаб кўрилса, Самарқандга энг кўп шеър бағишлаган шоир ҳам менинг дадам бўлса керак. Самарқандга бағишланган шеърлари “Афсона шаҳрим” номи билан китоб бўлиб чиққан.
Не қилай , тутса ҳар зум хумори Самарқанднинг,
Дил боғим хазон айлаб баҳори Самарқанднинг,
Жонимдан ўтиб кетди озори Самарқанднинг,
Кетмади кўнгилдан ҳеч дийдори Самарқанднинг,
Кўзимдин учар ҳар дам гулзори Самарқанднинг.
Дунё ичра ўзи бир бебаҳо, ажиб дунё,
Жаннат бир гўзал бўлса, юзида холи гўё,
Кўйида кўзим ёши оқди-ку бўлиб дарё,
Ҳар нечаки шаҳр ўлса, дунёда латиф, аммо
Барчадин эрур яхши меъмори Самарқанднинг.
Кейинги йилларда у мумтоз адабиётимизнинг забардаст вакиллари ёзган кўплаб ғазалларга мухаммаслар боғлашга киришганди. 2008 йилда “Қирқ мухаммас” номли китоби ҳам нашрдан чиққан.
У ўзининг қутлуғ етмиш ёшини ўзи ўқиган мактабда, туман шеър ихлосмандлари қуршовида нишонлашни қанчалар орзу қилганди, негадир бу тилаги амалга ошмади. Унинг яна бир сўнгги тилаги “Саодат” журналининг 2017 йил май-июнь сонларидаги мақоласини ўқиш бўлди, газета дўконида ишлаганим учун буни мендан илтимос қилганди. Ҳали топганимча йўқ эди, фавқулодда дадамиз вафот этди. Онасини соғиниб, хотирлаб ёзган ўз мақоласини ўқий олмади, эсиз... Баъзида ана шу армон юки остида қоламан, кошки яна бир йилгина яшасайди, дадам бечора... Кошки ижод аҳлига берилаётган бу қадар ишончни, эъзозни билсайди, кўрсайди, қувонсайди... Биласизми, менинг дадам ёмонликданмас, яхшиликдан, шодликдан йиғларди. Сўзга, адабиётга берилаётган эътибор-у қадр-қимматларни кўрган дадам, бугун, албатта йиғлаган бўларди...
Нигорахонни тинглаб ўтириб шоир оғамизни тасаввур қилдим. Давраларда, йиғинларда ора-сира кўришиб қолганда ҳам қандайдир маъсум овозда, синиқ табассумда омонлашарди: “Муҳаббатхон қизим, яхшимисиз!”, дерди илтифот билан. Бошқалар каби чарақлаб кулмасди, юксак овозда сўзламасди, кўзингизга ҳам мулойим оғарди кўзлари. Мулойимлик, ғамгинлик ва буюк бир соддалик яшарди, шоирнинг ўзида ва кўзида.
Кабутарнинг кўзларида софлик яшайди,
Гўзалларнинг кўзларида шодлик яшайди,
Шоирларнинг кўзларида шодлик аралаш
Биров билиб-биров билмас оғриқ яшайди.
20 февраль шоирнинг таваллуд куни. Баҳорни севиб олқишлаган шоирнинг таваллуд санаси ҳам баҳорга нафасдек яқин. Унинг ўзи ҳам баҳорнинг хушбўй шамоллари ҳовлиларга кирганидек оҳангларга, юракларга кирарди, лолалар экарди ва ўз қалби билан тотли-тотли суҳбатлашарди, ҳар мавсумда.
Ҳар кун кўравериб йўлида қорни,
Айтинг, соғинмаган борми баҳорни?
Айтинг, соғинмаган борми баҳорни,
Гулнафас, хушнафас ўшал оҳорни.
Қўлларига олиб тору дуторни,
Ким ҳам соғинмади фасли дилдорни?
Қўлларига олиб тору дуторни,
Ким ҳам куйлагиси келмас баҳорни?
Ким ҳам куйлагиси келмас баҳорни,
Ҳар кун кўравериб йўлида қорни?
Баҳор – эзгулик қасами кўтарган мангу ҳаёт. Ҳаммага - сиз-у менга фақат эзгулик тилаган оқтовлик шоирнинг сўзи эса баҳор каби мангу янграб қолади.
...Майли, ким қанақа – ўзига,
Ҳаёт – ҳақ, олар ўз керагин.
Эзгулик тилаб ер юзига
Шеър ёзиб юрайлик, Юрагим...
Муҳаббат Тўхташева,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.