Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Балиқ етиштирган хонадон эгалари ер ва мол-мулк солиғининг 50 фоизини тўлайди

Бу ҳақда Президент 2022 йил 13 январда қабул қилган “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорда белгилади.

Унга кўра, ҳар бир вилоятда аҳоли хонадонлари билан ишлайдиган балиқчилик кооперацияси ташкил этилади.

Кооперация балиқчилик хўжаликлари хонадон эгаларини балиқ етиштириш бўйича ўқитишни ташкил этади, уларга балиқ етиштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, балиқ чавоқлари, омухта ем, минерал ўғитларни етказиб беради ҳамда улар томонидан етиштирилган балиқни келишилган нархларда сотиб олади.

Хонадон эгалари ўз хонадонларида балиқчилик хўжаликлари томонидан етказиб берилган маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда интенсив усулда етиштирилган балиқларни келишилган нархларда уларга сотади.

2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади.

2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланади.

2022 йил 15 январдан бошлаб “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида тижорат банклари томонидан аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш учун ажратиладиган кредит базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача оширилади.