Балиқчиликнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Соҳада қандай ўзгариш бўлади?

Жомбой туманида 24 та балиқчилик хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, 2017 йилда 130 тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.
Хусусан, тумандаги "Пўлатжон зотли балиқлари" масъулияти чекланган жамияти ўтган йили ўз фаолиятини бошлаб, иккита ҳовузда балиқнинг оқ амур, зоғора, дўнгпешона турларини парваришлади.
– Умумий ер майдонимиз 3,4 гектарни ташкил қилади, – дейди жамият раҳбари Пўлатжон Очилов. – Ўтган йил якуни билан 2 тонна балиқ олдик. Бу йил қўшимча 7 та ҳовуз ташкил қилиб, 7 та янги иш ўрни яратиш борасида зарур юмушларни амалга оширяпмиз. Шунингдек, етиштирилган балиқларни сақлаш учун махсус музлаткич харид қилишни ҳам мақсад қилганмиз.
***
Суратда: иш юритувчи Шерзод Ҳакимов.
Алишер ИСРОИЛОВ олган сурат.
Балиқчилик тармоғини кенгайтириш, бу фаолият билан шуғулланадиганларга ер майдонлари ажратиб бериш, сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш натижасида йил сайин аҳоли эҳтиёжи учун кўпроқ балиқ маҳсулотлари етиштирилмоқда. Масалан, вилоятимизда балиқ етиштириш ҳажми 2010 йилда 81 тонна бўлган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 1870 тоннага етган. 2017 йилда эса бу маҳсулотни етиштириш ҳажми қарийб 3 минг тоннани ташкил этди.
Балиқчи кўпайди,
маҳсулот етиштириш-чи?
Келинг, тармоқ ривожини Пайариқ тумани мисолида таҳлил этайлик. Ҳудудда 2012 йилгача 27 нафар соҳа субъекти фаолият юритиб, улар томонидан 380 тоннадан ортиқ балиқ маҳсулотлари етиштирилган.
– Кейинги йиллардан балиқчилик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда, – дейди туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Аслиддин Ҳақназаров. – Натижада, 2015 йилга келиб, 394 тонна, 2016 йилда эса 653 тонна балиқ овланган. 2017 йилда балиқчиликни ривожлантириш дастурига асосан 10,5 гектар ер майдони ажратилиб, 5 та янги хўжалик ташкил этилди ва соҳа субъектлари сони 50 нафардан ошди. Уларга жами 432 гектар ер майдони ажратилган. Сув ҳавзаларида балиқ урчитиш учун 1 миллион 320 минг дона балиқ чавақлари келтирилди.
Фермерлар нима дейди?
Илҳом Узоқов,
"Азизбек барака замини"
фермер хўжалиги бошлиғи:
– 2014 йил 5 гектар майдонда 2 та сунъий сув ҳавза яратиш билан балиқчиликни бошлагандик. Бир йилдан сўнг "Ипотека банк" вилоят филиалидан 40 миллион сўм кредит олиб, ишни ривожлантирдик.
Балиқ чавақларини Тошкент вилояти Чиноз туманидаги балиқчилик хўжаликларидан олиб келяпмиз. 2017 йилда 2 та сунъий сув ҳавзада оқ амур, дўнг пешона ва сазан турларидан 7 тонна балиқ етиштирдик. Ҳар йили ўртача 35-40 миллион сўм фойда оляпмиз. Балиқ озуқаси олиш учун "Жомбойдон" акциядорлик жамияти билан шартнома тузганмиз.
80 ёшли отахон Ўктам Ёдгоров кўп йиллар чорвачилик соҳасида ишлаган. Орттирган бой тажрибаси туфайли 2002 йилда туманда биринчилардан бўлиб балиқчиликка ихтисослашган "Маҳлиё РА" фермер хўжалигини ташкил қилди.
– Балиқчилик хўжалиги ҳудудидаги 7,7 гектарли ташландиқ ҳовузни олиб, бегона ўтлардан тозаладик, – дейди фермер. – Дастлаб ер, иқлим шароити, сув исрофи, чавақларнинг нобуд бўлишини аниқ ҳисобламасдан анча қийналдик. Кейинчалик бу камчиликларни бартараф қилдик. Ҳозир ҳар йили 7-8 тоннагача балиқ етиштириб, 50 миллион сўмгача даромад оляпмиз. Фойда ҳисобидан ўтган йил қўшимча 40 гектар ер олиб, хўжалигимизда қўйчилик тармоғини очдик. Бу йил қуёнчилик хўжалиги ташкил қилмоқчимиз.
Президентимизнинг 2017 йил 1 майда қабул қилган "Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мамлакатимизда ушбу соҳани янада тараққий эттиришга қаратилган яна бир амалий қадам бўлди.
Ҳуқуқий кафолат бор, энди нима ўзгаради?
Осмон АСАНОВ,
"Самарқандбалиқсаноат"
масъулияти чекланган жамияти
директори:
– Қарорга асосан "Ўзбалиқсаноат" уюшмаси ва "Балиқсаноат" масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилиб, ҳудудлардаги табиий сув омборлари улар ихтиёрига ўтказилди. Вилоятимиздаги уюшма тасарруфига ўтказилган 11 189 гектар табиий сув омбори танлов асосида ижарага берилмоқда.
Асосий юмушларимиздан бири хўжаликларни ўзимизда тайёрланган балиқ чавақлари билан таъминлаш. Шу мақсадда "Оқ Амур балиқлари" ва "Каттақўрғон жайҳуни" фермер хўжаликлари инкубация цехларини тўла қувватда ишлатиш чоралари кўрилмоқда. Вилоятимизда оқ амур, дўнг пешона ва сазан каби балиқ турлари билан чекланиб қолмасдан Россия ва Вьетнам давлатларидан балиқнинг иқлимимизга мос коя, осётр ва фарель турларини ҳам келтирмоқчимиз. Пайариқ туманида балиқ чавақлари етиштирадиган 35 гектарли сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш бўйича иш олиб боряпмиз. 2017 йилда вилоятимизда 43 та лойиҳа амалга оширилди ва хўжаликларга 182 гектар ер майдони ажратилди. Натижада қўшимча 166 тонна балиқ овланди. Қарор асосида жамиятга аъзо бўлган балиқчилик хўжаликларига солиқ имтиёзлари ва ҳуқуқий ёрдам берилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат. 15 йил олдин вилоятнинг балиқ етиштириш режаси атиги 90 тонна эди, бу йил эса қарийб 3 минг тоннага етди, келгуси йил бундан икки ҳисса ортиқ "луқмаи ҳалол" етиштириш кўзланган. Балиқчиларимизнинг 1 гектарли ҳовуздан 3-5 тонна балиқ овлаши билан бундай натижага эришиб бўлмайди. Шунинг учун соҳага илғор замонавий технологияларни жалб этиб, бу йилдан вилоятимизда интенсив усулда балиқ етиштиришни бошлаяпмиз.
Жамиятга аъзо бўлган балиқчилик хўжаликларига бир қатор солиқ имтиёзлари ва ҳуқуқий ёрдам берилиши кўзда тутилган. Балиқчилик тармоғи ривожи учун тегишли корхоналар билан ҳамкорликда хўжаликларга арзон нархда махсус балиқ озуқаси етказиб бериш ишлари ҳал этилмоқда. Қолаверса, бу йил жамият қошида балиқчилик лабораторияси ташкил этилиб, ҳудудий ветеринария йўлга қўйилади. Улар жойлардаги сув ҳавзаларида балиқларнинг ривожланиши учун етарли шароит ва озуқа компонентларини, ҳавзадаги кислород миқдори, балиқларни урчиш ҳолатини назорат қиладилар.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
«Зарафшон» мухбири.