Банк, кредит, мижоз: мувозанат қаерда бузилади?

- Банк билан тузиладиган шартномалар одатда катта ҳажмли, батафсил танишиб чиқишни талаб этадиган ҳужжат ҳисобланади. Мижоз шартномани тасдиқлашдан олдин у билан батафсил танишиб чиқиш учун олиб кетса бўладими?

Абдураҳмон СОБИРОВ,

Жомбой тумани.

- Ҳа. мижоз банк хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани (кредит, депозит, банк ҳисобварағига хизмат кўрсатиш, лизинг, банк карталари ва бошқалар бўйича) имзо қўймасдан олдин танишиб чиқиши учун ўзи билан олиб кетишга ҳақли. Банк истеъмолчини ушбу ҳуқуққа эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.

-Кредит ёпилгач, гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш тартиби қандай бўлади?

Саид ЭЛМУРОДОВ,

Пайариқ тумани.

- Банк қарз олувчи томонидан имзоланган шартномага асосан кредит (қарз) бўйича қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариши лозим. Гаров сифатида бўлган мол-мулкка нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан чиқариши шарт.

- Жисмоний шахс барча ҳужжатлар, етарли миқдорда гаров ёки кафиллик тақдим этаётган бўлса-да, молия муассасаси бошқа банкда кредити борлиги учун маблағ ажратмайди. Бу борада қандай талаблар мавжуд?

Гулсара БАҲРОМОВА,

Нарпай тумани.

- Бугунги кунда банклар томонидан жисмоний шахслар учун таклиф этилаётган кредитлар турлари жуда кўп ва уларга бўлган талаб кредит юкламаси ҳам юқори. Табиийки, банклар ажратилаётган кредит рискини минималлаштириш мақсадида Кредит-ахборот таҳлилий маркази кредит бюроси маълумотлари асосида аризачининг кредит мажбуриятлари бўйича барча маълумотлар билан танишиб чиқади, кредит тарихини ўрганади. Ўрганиш жараёнида аризачининг илгари олинган кредит (қарз)лар бўйича сўндирилмаган, муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда банк томонидан ушбу жисмоний шахсга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади.

- Кредит олиш учун банкка барча ҳужжатларни топширсам-да, банкдагилар қўшимча ҳужжат талаб қилиши, қўшимча тўлов олиши, аризамни кўриб чиқмаслиги мумкинми?

Ҳасан БОЙМУРОДОВ,

Каттақўрғон шаҳри.

- Кредит шартномаси тузилгунга қадар банк истеъмолчига қуйидаги ахборотни тақдим этиши шартлиги ушбу саволга тўлиқ жавоб бўлади. Булар:

- фоиз ставкасининг йиллик номинал қиймати, шунингдек истеъмолчи мурожаат қилган санадаги кредитнинг тўлиқ қиймати (шартнома тузиш пайтида унинг мутлақ қийматини, яъни кредит ёки қарзнинг асосий қиймати, фоизлари, комиссион ва бошқа тўловлар, шу жумладан амалдаги тарифлар бўйича учинчи шахс фойдасига тўланадиган тўловларни тақдим этади);

- воситачилик ҳақлари, тарифлар ва кредит олиш ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларнинг батафсил рўйхати ва миқдорлари;

- истеъмолчи томонидан кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш, кредитни тақдим этиш муддатлари;

- кредит олиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати.

Истеъмолчи ушбу тақдим этилган ахборот доирасида банк томонидан мажбуриятлар бажарилишини талаб этиши лозим.

Саволларга Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов жавоб берди.