Банк ходими танишининг 71,2 минг доллари ва 1 миллиард сўм пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб, чет элга қочиб кетди
2020 йилнинг июль ойидан декабрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 31 ёшли Ҳусанжон Т. Қўқон шаҳрида таниши, 38 ёшли Камолиддин И.га банк тизими пул ўтказмалари орқали пулларини айлантириб, кўп фойда олиши мумкинлигига қизиқтириб, ундан 71 200 АҚШ доллари ва 1 009 258 000 сўм маблағини алдов йўли билан олиб, ушбу пулларни эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Ҳусанжон Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида Камолиддин И. Қўқон шаҳрида жойлашган хусусий корхона раҳбари бўлиб, «Агробанк»нинг Қўқон шаҳар филиали мижози эканлиги, ушбу банк ходими Ҳусанжон Т. билан анча йилдан бери таниш бўлганлиги аниқланган. Ҳусанжонга 20 000 АҚШ доллари қарз берганида у ушбу пулларни банкка қўйиб фойда олишини айтиб, бир ойлик фойданинг ярми деб бошланишига 2.250.000 сўм пул олиб келиб бериб, кейинчалик ундан олган пуллари эвазига фойдаси деб жами 240.000.000 сўм пул маблағлари берган. Камолиддин ҳам қизиқиб янада кўпроқ пул бериб борганлиги, орадан маълум вақт ўтиб, Ҳусанжон Т. хорижга чиқиш паспортини олиб Қирғизистон Республикасига чиқиб кетиб қолганлиги, ундан олган пулларини банкка қўймасдан эҳтиёжларига сарфлаб, бир қисмига ер участкаси сотиб олиб, бир қисмини таниш аёлига берганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда Ҳусанжон Т.ни ушлаш чоралари кўрилмоқда.