Банкирлар ҳаммадан тез, илдам, кучли. Негалигини биласизми?

Айни кунларда Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси ташаббуси билан банк тизими ходимлари орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Марказий банк кубоги” мусобақаси ўтказилмоқда.

Мусобақада 400 нафардан ортиқ банк ходимлари спортнинг минифутбол, мерганлик, бадминтон, дартс, стол тенниси, шахмат-шашка каби турлари бўйича ўзаро беллашмоқда.

Кеча мусобақалар дастурига киритилган бадминтон ва мерганлик баҳслари бўлиб ўтди ва ғолиблар аниқланди. Хусускн, бадминтон бўйича ўтказилган мусобақанинг эркаклар баҳсида вилоят инкассация бошқармаси ходими Неъматулла Аҳатов, аёллар баҳсида эса «Ипотека-банк» вилоят филиали ходими Дилсора Рустамова биринчи ўринни қўлга киритди.

Мерганлик баҳсларида Марказий банк вилоят бош бошқармаси ходими Фаррух Шакаровга тенг келадиганлар топилмади.

Шундай қилиб, 8 та спорт тури баҳслари якунига кўра жами 44 та медаллар шодаси ўз эгаларини топди. 

Умумжамоа ҳисобида «Агробанк» вилоят филиали пешқадам. Марказий банк вилоят бош бошқармаси жамоаси иккинчи, «Ипотека-банк» вилоят филиали учинчи ўринни банд этган.

Дарвоқе, учта жамоа - Халқ банки, «Ўзсаноатқурилишбанк», «Азия альянс банк» вилоят филиаллари мусобақада “қуруқ қўл” билан иштирок этиб келмоқда.