Барот Бойқобилов: Ургут чиноридан менинг қаламим...
Ургут чиноридан менинг қаламим,
Қалбимнинг софлиги — булоқларидан.
Одамларин меҳри — ўтли каломим,
Қаддим расолиги — алп тоғларидан.
Кўклам хандасидан — табассум, кулгим,
Шеър битган қоғозим — сахий даласи.
Кимё тупроғидан тўлган илигим,
Нафасим — шифобахш субҳи сабоси.
Бедор сойларида — умрим кемаси,
Чарх урган каптари — ўй-орзуларим.
Тилидаги ғазал — севгим шеваси,
Чўққига кетган йўл — менинг изларим.
Таржимаи ҳолим — Ургут қиссаси,
Шеърим — ургутликлар олтин бўсаси.
* * *
Эй менинг гўзалим, менинг фариштам,
Сенга тушганида дастлаб нигоҳим,
Юлдуздай бешумор балки гуноҳим,
Эй менинг гўзалим, менинг фариштам.
Қалбингта туташдир менинг жон риштам,
Эй менинг дилбарим, чашми сиёҳим,
Бу чигал дунёда сенсан паноҳим.
Қалбингга туташдир менинг жон риштам.
Жоним риштасини узма қалбингдан,
Самони тутундек тутмасин оҳим,
Офтоб ҳам куймасин сенинг қаҳрингдан.
Севмаклик айб эмас, эй менинг моҳим,
Ишқимни ҳайдама кўнгил қасрингдан,
Қалбингдир топинган менинг меҳробим.
* * *
Мевали дарахтга тош отар,
Тошлардан бутоғинг синмасин,
Шохингга калхатлар қўнмасин,
Қисматинг ўйласам бош қотар.
Кўзимда қўрғошин ёш қотар,
Майли, тош отганлар тинмасин.
Мевангни еб туриб, тиғлансин,
Бошингда бир куни тонг отар.
Вале тонг отгунча, отиб тош,
Тутундек ўрлатса оҳларинг,
Дардингга бўлгандек қайғудош
Хазондек ёнса гар боғларинг.
Сен бўлиб ўртада жон талаш,
Қирқишиб кетмасин шохларинг.