Бахшитепада ҳамма иш билан банд. Қандай қилиб?
Гап Тойлоқ туманидаги шу номли маҳалла ҳақида бормоқда. Бу ерда 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Маҳалла “Ипак йўли” халқаро туризм маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳамда вилоятнинг нуфузли ишлаб чиқариш корхоналарига яқин ҳудудда жойлашганлиги, шунингдек, бу ерда тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятлари яхши эканлиги учун ҳам аҳоли яхши ҳаёт кечиради.
Паррандачилик ва асаларичилик маҳалламизнинг драйвери ҳисобланади, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Фаррух Ҳамдамов. – Бу ерга ишга келганимга 3 ой бўлди. Одамлари самимий, ишбилармон, меҳнасевар экан. Шу қисқа вақт ичида 16 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилишида кўмаклашдим. Улар қандолатчилик, тикувчилик, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турлари билан шуғулланмоқда. Бу маҳаллада боқимандалик кайфиятидаги фуқароларнинг йўқлиги мени хурсанд қилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаганлар орасида ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам бор.
Шу маҳаллада яшовчи, эшитишида нуқсони бор фуқаро Қодиржон Мухторов соғлом қишлоқдошларидан қолишмасдан, рўзғорига қўшимча даромад келтириш мақсадида тиним билмай меҳнат қилиб келяпти. У илгари эски машинасида йўловчи ташиш билан шуғулланганини ва бу яхши натижа бермаганлигини тушунтирди. Кейинги пайтларда маҳалла фаоллари кўмаги билан Самарқанд шаҳридаги "Мономарказ"да ўқиб, этикдўзликни ўрганганидан, шунингдек, субсидия асосида дўкон қуриб берилганидан хурсанд.
Маҳаллада ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган корхоналар сони ҳам кун сайин ортиб боряпти.
- Шу пайтгача ишсиз бўлган фуқаро Нафиса Қурбонова яқинда оилавий корхона ташкил этди, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хурсандой Исрофилова. – Натижада 10 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда кунига аёллар учун 35-40 та куртка тайёрланиб, бозорга чиқариляпти.
Мухтасар айтганда, маҳалла аҳолиси орасида ишсизлик муаммоси билан қийналаётган фуқаролар йўқ.