Байден президентлик давридаги энг муҳим қарорни қабул қилишга тайёрланмоқда
АҚШ президенти Жо Байден Сурия ва Иордания чегарасида жойлашган АҚШ ҳарбий базасига қилинган ҳужумдан кейин қийин танлов олдида турибди.
Sky News Оқ уй маълумотларига таяниб хабар беришича, ҳужум учун жавобгарлик Сурия ва Ироқда жойлашган ҳамда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳлар зиммасига юкланган.
“Жо Байден, эҳтимол, президентлик давридаги энг муҳим қарорлардан бирига дуч келади. Агар президент "ўта қаттиққўл" бўлса, бу Яқин Шарқдаги "порохли бочка"ни ёқиши ва минтақавий урушга олиб келиши мумкин, агар "ўта юмшоқ" бўлса эса, Байден сайловчилар қўллашини йўқотади, чунки ҳужумлар давом этмоқда", дейилади хабарда.
Икки кун аввал Иордания шимолидаги АҚШ ҳарбий базасига учувчисиз самолётлар томонидан ҳужум уюштирилиб, уч аскар ҳалок бўлган, 25 киши яраланган эди. Оқ уй ўз ҳарбийларига қарши ҳужумга жавоб беришини айтган бўлса-да, Эрон билан уруш ёки Яқин Шарқда можаронинг кучайишини истамаслигини таъкидлаган.