Байден: Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ қўшинлари Шарқий НАТО мамлакатларига юборилади

АҚШ раҳбарияти Россия “босқин”и бўлган тақдирда Украинага Америка қўшинларини юбориш ҳақида ҳеч қачон ўйламаган. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден баёнот берди. Унинг сўзларидан “ТАСС” иқтибос келтирмоқда.

“Бундай режалар ҳеч қачон бўлмаган”, деди Оқ уй раҳбари журналистнинг АҚШ бундай ғоядан воз кечиш-кечмаслиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

Байденнинг қайд этишича, Украина атрофида вазият кескинлашган тақдирда Россия иқтисодий оқибатларга дуч келади. Шу билан бирга у, Россия туфайли вазият кескинлашган тақдирда АҚШ ва НАТОда Украинани ҳимоя қилиш учун ҳарбий куч ишлатиш мажбурияти йўқлигини таъкидлади.

Америка етакчиси, шунингдек, Украина мудофааси учун Америка қўшинларидан бир томонлама фойдаланиш имконияти кун тартибида йўқлигини айтди. Байденнинг тушунтиришича, агар Россия Украина ҳудудига бостириб кирса, Қўшма Штатлар Шарқий Европадаги НАТО мамлакатлари (Болгария, Венгрия, Латвия, Литва, Польша, Руминия, Словакия, Чехия ва Эстония)га қўшинларини жойлаштиради.

"Биз кўпроқ шарқий қанотга АҚШ ва НАТО қўшинларини юборишимиз мумкин. Бу Россиянинг ҳар қандай ҳужумидан ҳимоя қилиш учун муқаддас мажбуриятимиз бўлган барча B9 - НАТО мамлакатларидир", деди Байден.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Москванинг Украина ҳудудига бостириб кириш нияти йўқлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у Киевнинг Туркия томонидан етказиб берилган дронлардан жанговар фойдаланиши, шунингдек, “Америка қуроллари ҳудудга тобора яқинлашаётгани”да Москва муаммо кўраётганига эътибор қаратди.