Байрамда зиёрат
Абдулла САИДОВ,
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани:
– Ёшим саксон олтида. Кўпдан бери Самарқандни зиёрат қилиш ниятида эдим. Аммо ўғлим ишидан бўш вақт тополмай кела олмаётгандик. Президентимизнинг Янги йил байрамида беш кунлик узлуксиз таътил эълон қилиши биз учун ҳам катта имконият бўлди. Зиёратимизни Имом Бухорий қадамжосидан бошладик, кўплаб тарихий обидаларни кўрдик. Самарқанд шаҳри ўн йил олдингидан анча ўзгарган.
Шаҳноза МУСТАНОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси:
– Беш кунлик таътил беш ойлик таълимдан кейин ўқув йилининг иккинчи ярмини янги куч, янгича шижоат билан бошлашга имкон бўлади. Бу мен каби ўқитувчилар учун ҳам айни муддао бўлди. Оилам билан кўҳна кентнинг тарихий обидаларини зиёрат қиляпмиз. 2017 йил биз учун омадли йил бўлди. Президентимиз институтимизга ташрифи чоғида Тошкент шаҳридан 3 хонали уй совға қилди. Янги йилни ўзгача кайфиятда бошладик.
Азамат РОЗИҚОВ,
Андижон вилояти Бўз тумани:
– Ҳар сафар оилавий саёҳатга чиқамиз десак, бўш вақт топа олмасдик. Янги йил байрамидаги дам олиш кунлари биз кутган фурсатни юзага келтирди. Саёҳат учун Самарқандни танлаб янглишмабмиз.
Муҳаммаджон ҒАНИЕВ,
Фарғона вилояти Марғилон шаҳри:
– Шу кунгача иш юзасидан Самарқандга бир неча бор келганман. Вақт тиғизлиги сабаб Самарқандни эркин айлана олмагандим. Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Регистоннинг баланд минораларини кўчадан ўтаётиб томоша қилардим. Бўш вақт топиб, оилавий томошага келишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Турмуш ўртоғим, фарзандларим хурсанд. Ўтмишимиз билан яқиндан танишдик.
Марям ҚУРБОНОВА,
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри:
– Катта ўғлим Анваржонга "Мени Самарқандга Биринчи Президентимиз ҳайкалларига олиб бор" дегандим, бу таклиф бошқа фарзанларимга ҳам маъқул келиб, уч ўғлим, келинларим ва набираларим билан Самарқандни айланишга келдик. Ёшим бир кам саксонда. Ҳаётда армоним йўқ. Шу кунларга етказганига шукур.
Нусрат НОРМАМАТОВ,
Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти (Хоразм):
– Самарқанд ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасдим. Ҳозир курсдошларим билан шаҳар айланяпмиз. Буюк ўтмишимиз ҳақида сўзловчи Самарқанд кўнглимга фахр бағишлади. Айниқса, Амир Темур мақбарасидаги Соҳибқирон бобомиз давлати харитасини кўриб, ғурурландим. Биз шундай аждодларимизга муносиб бўлишга интилишимиз кераклигини ҳис қилдим.