Байрамга мос ярмарка
Ярмаркада мева-сабзавот, балиқ маҳсулотлари, шакар, салқин ва спиртли ичимликлар, колбаса ва гўшт, қишлоқ хўжалик консерваланган маҳсулотларини топиш мумкин.
– Биз ўн кундан буён ярмаркада қатнашиб, ўзимиз етиштирган балиқларни арзон нархларда халқимизга тақдим этяпмиз, – дейди Самарқанд туманидаги "Оқ Амур балиқлари" фермер хўжалиги аъзоси Дамир Ибрагимов. – Балиқнинг килограмини 8 минг сўмдан, кунига ўртача 1 тоннадан нақд пул ва пластик карточка орқали сотяпмиз.
Бунинг учун "Ипотека банк" вилоят филиалидан терминал олиб, мижозларга қулай тарзда савдо қилишларини таъминлаяпмиз.
Харидорлар ҳам бозордаги мўл-кўлчиликдан мамнун бўлишмоқда.
– Байрамолди савдо ярмаркасини ўзгача тарзда кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун "Ипак йўли бозори" ҳудудидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи савдо майдонидан бир неча тадбиркорни бу ерга жалб қилдик, – дейди "Сиёб деҳқон бозори" масъулияти чекланган жамияти директори Бадриддин Насриев. – Уларни бозорга кираверишда ҳаммага қулай бўлган нуқтага жойлаштириб, тарозилар билан таъминладик, патта пулини ҳам тўлашдан озод этганмиз, фақат шу ерда аҳолига картошкани арзон нархда сотиш шарти қўйилди. Кўриб турибсиз, улар маҳаллий навдаги картошканинг килограмини 2800, Россиядан келтирилганини 3 минг сўмдан сотишмоқда. Шунингдек, "Самарқанд озиқ-овқат захира" масъулияти чекланган жамияти 5200 сўмдан шакар, 3500 сўмдан гуруч, консерваланган ва колбаса маҳсулотлари савдосини ташкил этган. "Омад" ва "Ширин омад сервис" масъулияти чекланган жамиятлари шакар, ёғ, консерваланган ва колбаса каби 38 турдаги маҳсулотлари, "Боғишамол шароб" ва "Пулсар" қўшма корхоналари спиртли ва салқин ичимликлар олиб келган. "Сайқал тайёрлов" масъулияти чекланган жамияти эса гуруч, шакар, гречка, нўхат, маргарин, писта ёғи каби 20 турдан ортиқ маҳсулотни 15-20 фоиз арзон нархда сотмоқда. Бозорга бириктирилган Самарқанд, Тойлоқ ва Паст Дарғом тумани деҳқонлари ҳар куни сара ва сифатли гўшт, тухум, асал ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари келтирмоқда. Бозорга масъул этиб белгиланган "Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Агробанк" томонидан сотувчиларга қўшимча 18 та терминал ажратилди. Яна бир янгилик – бу йилги ярмаркага бозорнинг мижозларга қулай бўлган жойидан 9 та растадаги 127 та савдо майдони тўлиқ ажратиб берилди.
Харидорлар билан гавжум ярмаркани айланиб, янги йилга ўзгача кайфият улашадиган савдо кўргазмаси ташкил қилинганининг гувоҳи бўлдик. Нархлар бозордагидан анча арзон, сифати борасида ҳам эътирозга ўрин йўқ. Бундан эса мижозларнинг кўнгли тўлмоқда.
– Янги йил байрамига бозорлик қилиш учун келгандим, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Сайёра Абдураҳмонова. – Анча-мунча маҳсулот харид қилдим, мўлжаллаганимдан арзонга тушди. Ҳозир 28 минг сўмдан 2 килограмдан зиёд гўшт олдим, 60 минг сўм бўлди. Ярмаркадаги маҳсулотларнинг арзонлигидан кўнглим тўлди.