Бефарқлик ортидаги иллатлар
Уларнинг ярми йиртилган, шамолда ҳилпирайди. Ачинарлиси, ҳар бир бекатнинг ёнида эълонлар тахтаси ва чиқинди қутиси мавжуд. Эълонлар тахтаси эса бўм-бўш. Кўз олдингизда ёшгина ўспирин эълон ёзилган варағини бекатга ёпиштирди. Сиз эса жим. Фақатгина эълонга қизиқиб, унинг мазмуни билан танишасиз. "Юзингиздаги ҳуснбузарларни йўқотамиз". Аммо хизмат фаолияти борасидаги лицензия рақами ёхуд манзили ёзилмаган. Телефон рақами бор, холос. Эълон мазмуни билан қизиқамиз-у, аммо нега эълонлар тахтасига эмас, ойнабанд бекатга ёпиштирилгани билан ишимиз йўқ.
Байрам олдидан кўчадаги йўлаклар четидаги бетон тўсиқларни ободонлаштириш ходимлари оҳаклаб чиқишади. Биз эса гўё уларни кўрмагандек, оёғимиз билан босиб, уларнинг меҳнатига ҳурматсизлик қиламиз. Ўзимиз йилда бир-икки бор маҳалламизда уюштириладиган ҳашарга чиқиб, хонадонимиз атрофини тозалашга вақт топа олмаймиз.
Баъзан мана шундай бефарқлигимиз сабаб жамиятдаги айрим иллатлар илдиз отяпти. Ачинарлиси, бу каби салбий ҳолатлар фарзандларимиз тарбиясида ҳам намоён бўлади. Яқинда таъмирдан чиққан ҳовли деворига ажнабий сўзлар билан дил изҳорини ёзиб, жамоат жойларига пистаю сигарета қолдиқларини ташлаб кетаётган ёшлар маданияти бизнинг бефарқлигимиз оқибатида шаклланмаяптими?
– Ўтган йили биз яшаётган ҳудуд атрофини ободонлаштириш мақсадида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан кўп қаватли уйларимиз олди текисланиб, гулзорлар учун жойлар ажратилди. Ўриндиқлар ўрнатилди, – дейди Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар шаҳарчасининг Дарғом маҳалласи фаоли Гулшод Сафарова. – Биз ҳам маҳалладошларимиз билан келишиб, бўш турган жойларга гуллар экиб, ҳудудимизни кўкаламзорлаштирмоқчи бўлдик. Аммо баъзи бир ўзбилармон қўшнилар туфайли бу жой болалар майдончаси, дея қум тўкилди-ю, машиналар тураржойига айланди. Чиқиндиларни ота-оналар 4-5 яшар болалардан бериб юборишади. Улар эса дуч келган жойга ташлаб кетади. Бунёдкорлик ишларида ҳаммамизнинг ҳиссамиз бўлиши керак эмасми?
"Суюнчи" фильмини ҳар гал томоша қилганда бугунги ҳаётимизга доир ибратли жиҳатлар кўзга кўринаверади. Масалан, олдинлари маҳаллаларда Анзират бувига ўхшаш қишлоқ учун, унинг аҳолиси учун жон куйдирадиган қишлоқнинг виждонлари бўлган. Уларнинг ҳар бир гапи қатъий қоида ҳисобланган. Жамоатчилик назоратини ҳам, жамоатчилик ишларини ҳам маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат, ҳамкорликда амалга оширган. Ҳатто маҳалланинг болаларини ҳам тўғри йўлга солиб, тарбиялаган.
Ҳозир маҳаллаларимизга мана шундай маҳалла виждонлари етишмаётгандек.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.