Беҳзод Мусаев Саудия элчиси билан бандлик ва икки мамлакат ўртасида янги авиарейслар йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ўртасидаги учрашувда 4 сентябрдан ўзбекистонлик Умра зиёратига борувчилар учун Саудия Арабистони томонидан ҳам янги рейслар амалга оширилиши маълум қилинган. Шунингдек, Подшоҳлик вакили Саудияда Ўзбекистондан ҳайдовчилар ва қурбонлик маросимлари ўтказиш учун қассобларга эҳтиёж катталигини маълум қилган.
Вазирлик хабарига кўра, учрашувда икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2022 йилнинг 17 август куни Жидда шаҳрида имзоланган “Ишчиларни ёллаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим”ни самарали амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистондан Ҳаж ва Умра зиёратига борувчилар сони кескин ортаётгани мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини намоён қилади.
Учрашувда юқорида қайд этилган битимга мувофиқ, Подшоҳлик тарафидан Иш берувчиларнинг имкониятлари ва талабларини ўрганиб чиқиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги Меҳнат миграцияси агентлиги масъулларидан иборат Техник қўмита тузилиб, тез фурсатда фаолиятини бошлаш борасида келишиб олинган.
Шунингдек, Саудия Арабистони иш берувчилари ва рекрутинг компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш мақсадга мувофиқ экани айтилган.