Бектемир ҳеч нарса йўқотмайди, унинг профессионал боксдаги жанглари давом этади
Аксарият ижтимоий тармоқларда боксчи Бектемир Мелиқўзиевга 4 йиллик тақиқ қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабар мазмунини кўпчилик ўқувчилар нотўғри талқин қилишмоқда.
Иқтидорли боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев билан 2018 йилда жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди. Даволаниш жараёнида қабул қилган дори-дармонларида тақиқланган модда аниқланган. Шу ўринда мухлислар бир нарсани тушунишлари керак. Оддий бош оғриқни қолдирадиган «Парацетамол» таблеткаси ҳам спортчилар учун тақиқланган моддага эга. Ва айнан ўша 2018 йилги жарроҳликдан сўнг Б.Мелиқўзиевнинг танасида "фурасемид" моддаси топилганлиги сабабли у 2020 йил 27 февралга қадар дисквалификация қилинган эди.
Мазкур хабардан сўнг кўпчиликда Бектемир яна тақиқланган модда истеъмол қилган, деган тасаввур пайдо бўлган. Аслида ундай эмас. Боксчимизга қўйилган тақиқ 2020 йил 9 август кунги текширув хулосасидан сўнг олиб ташланган эди. Бироқ 2019 йилдаги назорат синови топширмагани ва бу ҳолат тақиқ даврига тўғри келгани сабабли ўша муддат яна икки марта кўпайган ҳолда 4 йил қўшилган. Бу эса допинг истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолат ҳисобланади.
Қолаверса, ушбу тақиқ фақатгина AIBA, яъни ҳаваскорлар бокс уюшмаси томонидан қўйилган. Буни профессионал боксга умуман алоқаси йўқ. Шунингдек, хабарда унинг 2020 йилдан бошлаб барча натижалари ва медаллари бекор қилинади, дейилган. Лекин боксчи 2020 йилда ҳаваскор боксда ҳеч қандай мусобақаларда иштирок этмаган. Демак, унда бекор қилинадиган натижаю медалнинг ўзи йўқ. Бектемир эришган ютуқлар Олимпиада, Осиё ва Жаҳон чемпионати медаллари унинг ўзида қолади.
Профессионал боксда эса боксчилар ҳар бир жанг олдидан допинг текширувидан ўтади. Бектемир ҳозирга қадар 7 та жанг ўтказган. Бу у 7 марта допинг текширувидан тоза ўтган деганидир. Яъни, мазкур тақиқ Б.Мелиқўзиевнинг профессионал боксдаги фаолиятига ҳеч қандай салбий таъсир қилмайди.
Дилмурод Тўхтаев.